Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 06.12.2022



14:38:41 (GMT +5), Сш, 6 дек 2022

Янгиликлар

06
Аҳамият беринг
02
Қонунчилик ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш бўйича семинар ташкил этилди

Aдлия вазирлигида жорий йилнинг 1-2 декабрь кунлари АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда 60 дан ортиқ вазирлик  ва идораларнинг масъул ходимлари учун семинар-тренинг ўтказилди.

Семинарда вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги, хусусан қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш (ТСТБ) фаолияти таҳлил қилинди ва йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Семинар давомида қонунчилик ҳужжатларининг сифатига салбий таъсир кўрсатаётган асосий омиллар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва ушбу омилларнинг қонунчилик барқарорлигига, аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва давлатга, шунингдек, инвестициявий муҳитга таъсири амалий мисоллар орқали тушунтириб берилди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ–5025-сон қарорига асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб, тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек, атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ТСТБдан ўтказилиши лозим.

Қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларининг тартибга солиш таъсири баҳоланмасдан ишлаб чиқилаётганлиги келгусида қонунчиликка тез-тез ўзгартиришлар киритилишига олиб келмоқда, бу эса қонунчилик барқарорлигига ва уларнинг самарали ижро этилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тадбир давомида қонунчилик ҳужжатларини баҳолашда муаммолар таҳлилини амалга ошириш, ҳужжатни қабул қилишдан аниқ мақсадлар ва кўрсаткичларни белгилаш, муаммоларни тартибга солиш муқобил усулларини аниқлаш ва уларни қўллаш натижасида юзага келадиган фойда ва харажатларни ҳисоблаш бўйича услубий кўрсатмалар “case-study” усулида берилди.

Семинар-тренинг сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди ва ТСТБ фаолиятидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди, шунингдек, мазкур соҳада доимий ҳамкорлик ва услубий ёрдам кўрсатилиши яна бир бор белгилаб ўтилди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими