Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 03.12.2022



00:58:41 (GMT +5), Сш, 6 дек 2022

Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги янги тартиблар ва ўзгаришлар

Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги янги тартиблар ва ўзгаришлар


Бугун, 22 ноябрь куни Миллий матбуот марказида Адлия вазирлиги масъул ходимлари иштирокида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги янги тартиблар ва ўзгаришлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар иштирок этди.

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини, демократик қадриятларини самарали ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Кўрилаётган чоралар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари сони йилдан йилга ортиб бормоқда, давлат томонидан уларни моддий қўллаб-қувватлаш кўлами оширилмоқда, шунингдек, уларнинг ижтимоий фаоллиги ўсиб бормоқда.

Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини соддалаштириш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:

– нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддатлари икки ойдан бир ойга қисқартирилди;

– жорий этилган ахборот тизимлари ННТларни қайта рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, уларнинг рамзларини рўйхатдан ўтказиш муддатини икки бараварга – 15 кунгача қисқартириш имконини берди (ПП-5012);

– республика ННТларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари БҲМнинг 4 бараваридан 3 бараварига, вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари учун – 2 бараваридан 1 бараварига пасайтирилди (ПҚ-4473-сон, 04.10.2019 йил);

– ННТларни тугатиш ёки фаолиятини тўхтатиш фақат суд қарори асосида амалга оширилади;

– ННТлар ўз тадбирлари/дастурларини ўтказиш бўйича хабардор қилиш тартибига ўтганига 4 йил бўлди (ПФ-5430, 04.05.2018 й.), натижада улар ўз фаолиятларида ҳақиқатдан ҳам эркинликни ҳис қилишади;

– нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий эркинлиги кенгайтирилди, эндиликда улар бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача бўлган пул маблағларини олишда рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиши кифоя;

– хорижий донорлардан пул маблағларини олиш тартиби соддалаштирилди, ННТлар грант маблағларини исталган банклардаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш имкониятига эга бўлишди.

Анжуманда ННТ ташкилотлари вакиллари ўзларининг фаолиятига  тегишли бўлган  “Маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда давлат бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида”ги 328-сонли Қарор билан тасдиқланган  Низом талаблари тўғрисида масъулларга саволлар беришди.

Масъулларнинг маълум қилишича, Низом мақсади ННТнинг халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда давлат органлари томонидан юридик ва техник ёрдам кўрсатиш, лойиҳани аҳолининг ижтимоий муаммоларини самарали ҳал этишга йўналтиришда услубий кўмак кўрсатишдан иборат.

Шунингдек, низомга мувофиқ эндиликда нодавлат нотижорат ташкилотининг халқаро грант лойиҳасига тегишли соҳада ваколатли давлат органи миллий ҳамкор сифатида жалб этилади.

Шу билан бирга, миллий ҳамкор халқаро грант лойиҳасининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, лойиҳани амалга оширишда вужудга келадиган муаммоларни тезкор ҳал этиш, лойиҳанинг мазмунидан келиб чиқиб уни амалга оширишда бошқа давлат органларини жалб қилиш ва бошқа вазифаларни бажаради деб таъкидлади.

 Низомнинг яна бир муҳим жиҳати халқаро грант лойиҳасини амалга оширишда ННТга давлатнинг кўмагини самарали ташкил этиш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилоти билан келишилган ҳолда “йўл харитаси” тасдиқланади, давлат органлари зиммасига нодавлат нотижорат ташкилотлари билан бирга ижтимоий шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари юклатилди.

Анжуманда лойиҳа ташабускори томонидан ўзининг ННТ ташкил этиш бўйича аризаси асоссиз рад этилётганлиги юзасидан берилган саволига, вазирлик масъули, топширилган ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида ҳужжатлар тўлиқ, белгиланган шаклга мувофиқ ва талаб даражада расмийлаштирмасдан тақдим қилинганлиги боис рад этилганлиги бундай камчиликларга йўл қўймаслик учун қонунчилик талаблари билан батафсил танишиб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими