Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 05.10.2022



17:27:49 (GMT +5), Чр, 5 окт 2022

Маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш соҳасида Германиянинг тажрибаси ўрганилди

Маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш соҳасида Германиянинг тажрибаси ўрганилди


Тошкентда 21 сентябрь куни “Германиянинг Бавария федерал ери тажрибасида давлат ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш тизими, давлат хизматчиларининг малакасини ошириш, номарказлаштириш ва бунда маҳалланинг роли” мавзусида бизнес ланч бўлиб ўтди.

Тадбир Ханнс Зайдел жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирликлари билан ҳамкорликда ўтказилди. 

Давра суҳбати Германиянинг Бавария Федерал ерига жорий йилнинг 4—10 июль кунлари уюштирилган танишув хизмат сафарининг мантиқий давомидир. Табирдан кўзланган мақсад фуқароларни ўзини-ўзи бошқаришнинг мукаммал тизимини шакллантиришда, давлат хизматчиларининг тизимли малакасини оширишда ҳамда давлат бошқарув тизимини номарказлаштиришда Германиянинг илғор тажрибасини ўрганиш, мутасадди идораларнинг мутахассислари иштирокида муҳокама қилишдан иборат.

Ушбу мавзунинг долзарблиги сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан давлат бошқаруви тизими, давлат хизмати ҳамда маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш тизимига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганлиги, айниқса, аҳоли турмуш даражаси сифатини янада ошириш, уларнинг муаммоларини тезда бартараф этиш ҳамда камбағалликни қисқартириш мақсадида, маҳаллабай, хонадонбай ишлаш тизимига ўтилганлигида яққол намоён бўлади.

Тадбир давомида вазирлик ва идоралар ходимлари уларнинг орттирган тажрибалари, юртимизда соҳадаги мавжуд муаммолар ва илғор хорижий тажриба мисолида шакллантирилган тавсияларидан иборат тақдимот қилди. Хусусан, чиқишлар давомида Баварияда маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг роли ва кўнгилли (фахрли) фаолиятнинг ўрни, Бавария федерал ери бошқаруви мисолида номарказлаштириш тажрибаси, давлат ва муниципиал ходимларини ўқитиш ва малакасини оширишнинг ҳуқуқий асослари каби масалаларга алоҳида урғу берилди.

Давра суҳбати қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Томонлар ўзларининг қизиқтирган барча саволларига жавоб олди. 

Маълумот учун: Ханнс Зайдел жамғармасининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси 2021 йил 29 октябрда ННТ сифатида 104-сонли рўйхат рақами билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган бўлиб, шу санадан бошлаб расман фаолият юритиб келмоқда.

Жамғарма ўз фаолияти давомида маҳаллий ва давлат бошқаруви соҳасида фаолият юритаётган ёш раҳбар кадрларни Германиянинг илғор тажрибаси асосида малакасини ошириш, қайта тайёрлаш орқали профессионал давлат хизматчисини тайёрлаш вазифасини ўз олдига устувор мақсад сифатида қўйган.