Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 05.10.2022



03:28:05 (GMT +5), Пш, 6 окт 2022

Адлия вазирлиги: Жиноий активларнинг умумий қиймати 14,3‬ триллион сўмни ташкил этади. Уларни ҳисобига 1400 тадан ортиқ мактаблар қўрса бўлади.

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги: Жиноий активларнинг умумий қиймати 14,3‬ триллион сўмни ташкил этади. Уларни ҳисобига 1400 тадан ортиқ мактаблар қўрса бўлади.


Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг айрим фуқаролари томонидан жиноий йўл билан орттирилган ва хорижий давлатларга олиб чиқиб кетилган активларни қайтариш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, хусусан, жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасида имзоланган Г. Каримова илгари тегишли бўлган активларни қайтаришга қаратилган реституцияга оид битим бўйича пресс-брифинг ўтказилди.

Тадбирда адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астханани ва Швейцариянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский иштирок этди.

Таъкидлангандек, Ўзбекистон ва Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг тергов доирасидаги ҳамкорлиги ва биргаликдаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлари натижасида Гулнора Каримова ва унинг бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг активларини мусодара қилиш бўйича ишлар Швейцария суд органларига оширилган. Ундирилиши лозим бўлган жами сумма давом этаётган жиноий иш жараёнига боғлиқ бўлади, лекин тақрибан 686 миллион АҚШ долларига тенг.

Ушбу ишлар Швейцария судларида кўриб чиқилиб, тақрибан 336 миллион АҚШ доллар узил-кесил мусодара қилинган. Шундан 131 млн АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтиши хал бўлди, 205 млн АҚШ доллари бўйича эса якунига етмоқда. Ҳозирги кунда, қўшимча тақрибан 350 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни мусодара қилиш масаласи Швейцария судларида кўриб чиқилмоқда.

Жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланди. Мазкур битим ноқонуний орттирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди.

Хусусан, маблағларни қайтариш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Фонди” деб номланган кўп шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади. Ушбу жамғарма тегишли функция ва ваколатларга эга бўлган ўзиги хос маъмурий-ташкилий тузилмага эга. Унинг таркибида юқори даражадаги стратегик қўмита, бошқарув қўмитаси, котибият, маъмурий агент ва фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши шакллантирилади.

Қайтарилаётган маблағлар пировардида ижтимоий соҳага йўналтирилиши, асосан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантиришга ишлатилиши режалаштирилган.

Шунингдек, пресс-брифинг давомида Швейцарияда жойлашган активлардан ташқари, Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг бошқа хорижий давлатлардан ҳам жиноий активларини қайтариш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўҳтаб ўтилди.

Хусусан, Франциядан 2020 ва 2021 йилларда тақрибан жиноий уюшган гуруҳ аъзоларига тегишли кўчмас мулкларни (Париж шаҳри яқинидаги 2 та қасрлар) сотилиши натижасида 20 миллион АҚШ долларига тенг пул маблағлари Ўзбекистонга қайтарилди.

Бельгия Қироллигида ҳам жиноий уюшган гуруҳга тегишли бўлган активлар жойлашган. Уларни қайтариш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси мутасадди ташкилотлари ҳамда Бельгия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Таъкидлаш жоизки, Бельгияда тергов жараёни тугамаганлиги сабабли (тергов сири), ушбу активлар ҳақида кўп маълумот ошкор қилиш имконияти мавжуд эмас.

Буюк Британияда Гулнора Каримова ва унинг шерикларига тегишли бўлган 10 миллион фунт стерлинг миқдоридаги маблағлар ва 3 та кўчмас мулкнинг тақдири Лондоннинг Олий судида кўриб чиқиш жараёнида.

Латвияда ҳам бир талай активлар мавжуд. Латвия суд органлари томонидан 2018 йили Ўзбекистон Республикасида чиқарилган ҳукмлар (Латвияда жойлашган активларни Ўзбекистон даромадига мусодара қилиш ҳақида) тан олинган. Активлар 15 миллион АҚШ долларига тенг маблағлар, 850 унцияга (26 кг.) тенг олтин сертификатлари ҳамда Рига шаҳрида жойлашган маданий-кўнгилочар мажмуадан ташкил топган.

Бироқ, афсуски, бу борадаги барча ишлар ҳам осонликча амалга ошаётганлиги йўқ. Масалан, Латвиядаги юқоридаги активларни қайтаришда мураккабликлар юзага келмоқда. Шунга қарамай, ушбу давлатдаги активларни қайтариш бўйича ишлар қатъий изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Россия Федерацияси. 2021 йил ноябрь ойида Москва шаҳрида жойлашган активларни (6 та хонадон) Ўзбекистон даромадига ўтказилиши ҳақида Москва шаҳар судининг қарори чиқарилган. Ҳозирги пайтда, ушбу кўчмас мулк объектларини Россия суд ижрочилари томонидан сотиш жараёни давом этмоқда. Сотиш натижасида келиб тушган пул маблағлари Ўзбекистон ва Россия фойдасига тенг улушларда бўлиниши Москва шаҳар судининг қарорида ўз аксини топган.

Бундан ташқари бошқа мамлакатларда ҳам Г. Каримова ва унинг жиноий шериклари томонидан ноқонуний орттирилган ва Ўзбекистондан олиб чиқилган активларни қайтариш бўйича бир қатор давлатларда иш олиб борилмоқда. Жиноий активларнинг умумий қиймати қарийб 1,3 млрд АҚШ долларини ташкил этади. Ўз навбатида ҳозирги кунга келиб, мазкур пуллар 14,3 триллион сўмни ташкил этиб, уларни ҳисобига 1400 тадан ортиқ мактаблар қўрса бўлади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими