Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 17.08.2022



04:20:32 (GMT +5), Пш, 18 авг 2022

Жорий йилнинг 6 ойи давомида 5,5 млн. дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган

Аҳамият беринг

Жорий йилнинг 6 ойи давомида 5,5 млн. дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган


Мамлакатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга ошириш мақсадида Давлат хизматлари департаменти томонидан қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Амалга оширилган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликка маълумот бериш мақсадида бугун,  28 июль куни Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва янгиликлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Шунингдек, тадбирда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизмат турлари 4,5 бараварга ортиб, 37 тадан 176 тага етказилган. Ушбу хизматларнинг 10 таси жорий йилнинг 6 ойи давомида йўлга қўйилган.

Бугунги кунда Марказлар томонидан 40 млн. га яқин, жорий йилнинг 6 ойи давомида 5,5 млн. дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.

Олис ва чекка ҳудудда яшовчи фуқароларимизга енгиллик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида 900 мингдан ортиқ сайёр (мoбил) давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан жорий йилнинг 6 ойи давомида кўрсатилган сайёр хизматлар сони 270 мингдан ортиқни ташкил қилган.

Энг кўп кўрсатилган давлат хизматлари сифатида электрон рақамли имзо калитини бериш (1 145 385 та), мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш (627 049 та), кадастр паспортини бериш (284 984 та), фуқароларга нафақа тайинлаш (246 676 та), янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш (205 322 та) хизматлари кўрсатилган.

Жорий йилнинг 6 ойида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат хизматлари кўрсатилишига оид 72 717 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.

Шундан, 56 059 та ҳолатда аризани кўриб чиқиш муддатларига риоя қилинмаган, 7 012 та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилинган, 4 522 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 1 245 та ҳолатда аризалар асоссиз рад қилинган.

Қўлланилган таъсир чоралар натижасида 720 нафар шахс маъмурий жавобгарликка, 496 та ходим интизомий жазога тортилган, 10 нафар ходим эгаллб турган лавозимидан озод этилди. 114 нафар ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган.

Марказлар орқали кўрсатиладиган барча хизматларни “экстерриториал” тамойил асосида кўрсатиш йўлга қўйилган.

Яъни, аҳоли ва тадбиркорларимиз доимий рўйхатдан ўтган жойидан (пропискага) ёки яшаш жойидан қатъий назар исталган жойдаги ёки ўзларига қулай жойдаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб, хизматлардан фойдаланишлари мумкин.

Шу билан бирга, давлат хизматларини кўрсатишда 73 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларни аҳолидан талаб қилиниши бекор қилинди, шундан жорий йилнинг 1 янаридан бошлаб 17 турдаги ҳужжатларни аҳолидан талаб қилиш тақиқланди.

Бунинг натижасида йилига ўртача 18 млн.дан ортиқ аҳоли ортиқча қоғозбозликдан озод бўлди, идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олди олинди ва аҳолининг биргина ташкилотларга бориб келиши билан боғлиқ 200 млрд. сўмдан ортиқ миқдордаги маблағлари тежалишига олиб келди.

Анжуманда яна бир муҳим янгилик, аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишини осонлаштириш мақсадида ишлаб чиқилилаётган шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими ҳақида маълумот берилди.

Ушбу тизим фуқароларга электрон рақамли имзодан фойдаланмаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратади.

Масалан, ҳозирда 3,1 млн. дан ортиқ фаол электрон имзо мавжуд бўлиб, уларнинг амал қилиш муддати 2 йилни ташкил этади. Мобил-ID тизими эса, мобил алоқа хизматларидан фойдаланаётган 24 млн. аҳоли учун алоҳида флеш-картани олиб юрмасдан хизматлардан фойдаланиш имконини беради.

Бундан ташқари, марказлар орқали кўрсатилаётган хизматларнинг 50 турдагиси бепул кўрсатилмоқда.

2022 йил 1 январдан 6 турдаги давлат хизмати учун тўловлар миқдори кескин камайтирилди, 2 турдаги хизмат учун тўлов ундириш бекор қилинган.

Хусусан, тадбиркорлик субъектларига давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида янги намунадаги гувоҳнома бериш БҲМнинг
1 бараваридан 20 фоизга камайтирилган.

Шунингдек, аҳолининг электрон давлат хизматларидан фойдаланишини рағбатлантириш мақсадида давлат хизматларидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан (my.gov.uz) электрон шаклда фойдаланганда барча тўловлар бўйича 10 фоиз чегирма қўлланилмоқда.

Анжуманда қонунчиликни такомиллаштириш соҳасида ҳам амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот бериб, никоҳни қайд қилишда 1 ойлик муддатни бекор қилиш бўйича Қонун лойиҳаси Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилганлиги тўғрисида айтиб ўтилди.

Маърузачи шунингдек, соҳадаги бир қатор қулайликлар ҳақида малумот берди.

Жумладан, ўлимни қайд қилиш ва дафн маросими учун нафақа пулини соддалаштирилган усулда олиш бўйича композит давлат хизмати ҳамда чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калитини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш йўлга қўйилганлиги тўғрисида маълумот берди.

Маълумот учун, ФҲДЁ ва ДХМ соҳасидаги мурожаатларни қабул қилиш ва тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида “Tezkor murojaat” бот ташкил қилинганлиги айтиб ўтилди.

Матбуот анжуманида иштирокчиларни ва ижтимоий тармоқларда кўтарилган жамоатчилик эътиборидаги масалалар бўйича ҳам саволларга жавоблар берилди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими