Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 06.10.2022



10:55:59 (GMT +5), Пш, 6 окт 2022

Адлия вазирлиги: таълим муассасаларининг барча талабалардан “айланма варақа”ни қоғоз шаклда тўлдириб келишни талаб қилиши Президант Фармони талабига номувофиқ

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги: таълим муассасаларининг барча талабалардан “айланма варақа”ни қоғоз шаклда тўлдириб келишни талаб қилиши Президант Фармони талабига номувофиқ


Хабарингиз бор мамлакатимизда аҳолига қулайлик яратиш, уларни рози қилиш, замонавий бошқарув услубларини амалиётга жорий этиш, бюрократияни бартараф этиш, замон талабларига мос келмайдиган тартибларни қисқартиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, 2020-2021 йилларда бюрократия ва қоғозбозликни қисқартириш мақсадида аҳоли ва тадбиркорлардан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинди, заруратга кўра ушбу ҳужжат ва маълумотларни давлат органлари томонидан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда олиш амалиёти жорий этилди.

Биргина мазкур 73 та ҳужжатларни аҳолидан талаб қилиниши бекор қилиниши натижасида йилиги 15 млн.дан ортиқ аҳолини турли идораларга бориш ва кутиш билан боғлиқ оворагарчилигига чек қўйилди. Уларнинг ушбу идораларга бориш-келиш билан боғлиқ 200 млрд сўмдан ортиқ маблағлари тежалишига эришилди.

Аҳолимизга қулайлик яратиш, уларнинг сарсон бўлиб юришини олдини олиш мақсадида Президентимиз ташаббуслари билан муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Шубҳасиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг “бюрократияни томирига болта урган” муҳим ҳужжатлар бири бу 2021 йил 23 мартда қабул қилинган “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6191-сон Фармонидир.

Фармони билан тасдиқланган Айрим турдаги давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва оптималлаштириш бўйича “йўл харитаси”нинг 9-бандида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига, Халқ таълими вазирлигига ҳамда тизимида таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларга 2021 йил май ойига қадар таълим муассасаларини тугатганда ёки ўқишни бир таълим муассасасидан бошқасига кўчирганда айланма варақани тўлдириш амалиётини бекор қилиш, бунда, вазирлик ва идораларнинг ички ҳужжатларини мувофиқлаштириш, таълим муассасалари томонидан ўқувчи-талабалар таълим муассасасини тугатганда ёки кўчирганда таълим муассасаси ичида турли мажбуриятлар бажарилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни (тўлов шартномаси бўйича мажбурият бажарилганлиги, ахборот ресурс марказидан қарзи йўқлиги, ўқув бўлимидан академик қарздор эмаслиги, талабалар турар жойидан қарздор эмаслиги кабилар) ички идоралараро электрон ҳамкорлик ёки ўзаро ахборот алмашинуви йўли билан олиш эвазига ўқувчи-талабалардан талаб қилишни бекор қилиш бўйича комплекс ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юклатилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2021 йил 28 апрелда Адлия вазирлигига тақдим этган 84-01-505-сон хатида Фармонда юклатилган мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2021 йил 31 майдаги 241-сон буйруғи қабул қилинганлиги, буйруқ билан барча давлат олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб талабалар таълим муассасасини тугутганда ёки ўқишини кўчирганда таълим муассасаси ичида турли мажбуриятлар бажарилганлиги тўғрисидаги айиланма варақани тўлдириш амалиёти бекор қилинганлиги ва заруратга кўра Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “HEMIS” ахборот тизимида ташкил этилган “айланма варақа” модули асосида электрон шаклда амалга ошириш йўлга қўйилганлиги маълум қилинган.

Бироқ, ўтказилган таҳлиллар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган мақолалар айрим олий таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида белгиланган талаблар бажарилмаётганлигини ҳамда Фармон талабига зид равишда аҳолидан ортиқча ва асоссиз ҳужжатлар талаб қилинаётганлигини кўрсатди.

Хусусан, жорий йилнинг 11 июль куни “kun.uz” сайтида эълон қилинган “Енгилмас бюрократия: ОТМларда битирувчилардан “обходной” тўлдириш талаб қилинмоқда” номли мақолада айрим олийгоҳларда битирувчилардан “айланма варақа” тўлдириш талаб этилаётганлиги, жараённи рақамлаштириш топшириғи бажарилмаганлиги, талабалар эшикма-эшик сарсон бўлаётганлиги эълон қилинган.

(Маълумот учун: https://kun.uz/62435313)

Олий таълим муассасаларининг талаблардан “айланма варақа”ни барчадан бирдек “қоғоз шаклда” тўлдириб келишни талаб қилиши нотўғри ва Фармон талабларига номувофиқ ҳисобланади.

Адлия вазирлиги томонидан мазкур ҳолатлар таҳлил қилиниб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–6191-сон Фармонида белгиланган талаблар айрим олий таълим муассасалари томонидан бажарилмаётганлигини кўрсатиб, қисқа муддатда Фармонда юклатилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, бу бўйича барча давлат олий таълим муассасларига кўрсатмалар киритиш тўғрисида тақдимнома киритилмоқда.

Адлия вазирлиги барча олий таълим муассасаларини ҳамда тизимида таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарларини аҳолини овора қилмасликка, улардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган ҳужжатларни, шу жумладан “айланма варақа”ни қоғоз шаклда тўлдиришни талаб қилмасликка, Фармонда белгиланган талаблар ижросини сўзсиз таъминлашга чақиради. Шунингдек, аҳолидан асоссиз ва ортиқча ҳужжат талаб қилиниши ёки уларнинг оворагарчилигига йўл қўйилиши мансабдор шахслар учун жавобгарликни келтириб чиқариши тўғрисида огоҳлантиради.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлим