Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.06.2022



01:22:54 (GMT +5), Дш, 27 июн 2022

Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга оид янгиликлар

Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга оид янгиликлар


Жорий йилнинг 22 июнь куни АОКАда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан "Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга оид давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда мутахассислар томонидан “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига хорижга чиқиш биометрик паспортини беришга доир давлат хизмати кўрсатиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори мазмун-моҳияти тушунтириб берилди. (ПҚ–282-сон, 16.06.2022 й.)

Қарорга кўра, эндиликда Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги консуллик муассасасида консуллик рўйхатида турувчи Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга оид давлат хизматларини кўрсатиш учун биометрик паспортни расмийлаштириш ва бериш тизими қуйидаги ахборот тизимларига интеграция қилинади:

“ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига – никоҳ ва оила аъзолари, вафот этганлик, ёлғиз она ёки ёлғиз ота ҳақидаги маълумотларни олиш учун;

“Нотариус” ахборот тизимига – васийлар ва ота-оналарнинг розилигини, ҳамроҳлик қилувчи шахснинг мажбуриятини текшириш учун;

“Тезкор маълумотлар” ахборот тизимига – судланганлик, маъмурий назоратда турганлик, шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ва шартли ҳукм қўлланилганлик, жиноят иши қўзғатилганлик ҳолатларини текшириш учун;

“Манзил” ахборот тизимига – ота-онадан бирининг Ўзбекистон ҳудудидаги доимий яшаш жойи бўйича рўйхати хорижга доимий яшашга кетганлиги муносабати билан бекор қилинганлигини текшириш учун;

“Ягона миллий меҳнат тизими” ахборот тизимига – охирги 5 йилда ишлаган жойи ҳақидаги маълумотларни олиш учун;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га – ушбу ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар тоифасига аниқлик киритиш учун;

“ТИЭК” ахборот тизимига – I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар тоифасига аниқлик киритиш учун.

2022 йил 1 августгача давлат хизмати ЯИДХП (https://my.gov.uz/uz) ва Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилилиши амалиётга тўлиқ жорий қилинади.

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий этилади.

Шунингдек, давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божи суммаси ҳисобини юритувчи ягона биллинг тизими орқали электрон тўланиши имконияти яратилганлиги тўғрисидаги янгиликларни айтиб ўтишди.

Шундан сўнг, Адлия вазирлигининг масъул ходимлари анжуманда иштирок этган журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Хусусан, журналистнинг хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун қанча вақт керак бўлади? деб берилган саволига мутахассис томонидан “Умумий тартибда хужжатларини топширган фуқароларга 10 иш кунидан ошмаган муддатда, алоҳида тартибда(яъни давлат сири билан боғлиқ ҳолатларда) ҳужжатлар топширилганда бир ой муддатгача узайтирилиши мумкин” деб жавоб бериб “16 ёшга тўлмаган шахслар давлат хизматлари марказига ота-онаси билан бирга ташриф буюрганда нотариал тасдиқланган розилик хати олиниши бекор бўлганлиги” қўшимча қилинди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқ фойдаланувчисидан “Хорижга чиқиш биометрик паспорти жорий қилингандан буён шу кунгача нечта Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бундай паспортларни олган? деб берилган саволга мутахассис ҳозирда бу маълумот тўлиқ Ички ишлар вазирлигида мавжудлиги, бироқ давлат хизматлари марказлари орқали январдан буён 40 мингга яқин фуқаролар ушбу хизматдан фойдаланганликларини айтиб ўтди.

Шу ва бошқа саволларга Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими