Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.06.2022



00:10:54 (GMT +5), Яш, 26 июн 2022

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Озарбайжон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ўртасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатилди

Аҳамият беринг

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Озарбайжон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ўртасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатилди


Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Озарбайжон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ўртасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳужжатнинг мақсади – муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, ўзаро маълумот алмашиш ҳамда ушбу соҳадаги қонунбузилишларни ўз вақтида аниқлаш ва чора кўриш ҳисобланади.

Меморандумга асосан Томонлар ўзларининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, уларга киритилган ўзгартиришлар ва соҳадаги бошқа янгиликлар бўйича доимий ахборот алмашиб боради.

Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ Томонлар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланувчи ходимлари ҳамда муаллиф ва бошқа ижодкорларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоавий ташкилотлар вакилларининг малакасини ошириш ҳамда ушбу йўналишлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширадилар.

Таъкидлаш жоизки, Озарбайжон ва Ўзбекистон ваколатли органлари ўртасида имзоланган ушбу ҳужжат тарихан бир-бирига чамбарчас боғланган қардош ўзбек ва озарбайжон халқларининг севимли шоирлари, ижоркорлари ва бошқа санъат вакилларининг муаллифлик ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Ушбу меморандум Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасида дўстона ҳамкорликнинг намунаси ҳисобланиб, томонлар ўртасида ҳамкорлик янги босқичга чиқаётганидан далолатдир.

Эслатиб ўтамиз, меморандум жорий йилнинг 20 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон - Озарбайжон бизнес-форуми доирасида имзоланди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлми