Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.06.2022



00:21:39 (GMT +5), Яш, 26 июн 2022

Биринчи халқаро фармацевтика форумида интеллектуал мулк бўйича тақдимот қилинди

Аҳамият беринг

Биринчи халқаро фармацевтика форумида интеллектуал мулк бўйича тақдимот қилинди


Жорий йилнинг 15 июнь куни “HYATT REGENCY” меҳмонхонасида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Биринчи халқаро фармацевтика форуми бошланди. Юқори савияда ташкил этилган мазкур тадбирда фармацевтика соҳасида интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва дори воситаларининг контрафакт нусхаларига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк Департаменти бошлиғи Е.Каньязов тақдимот қилди.

Тақдимотда интеллектуал мулк тушунчасига тўлиқ тариф берилиб, саноат мулки объектлари муҳофазаси, товар белгиларининг аҳамияти, дори воситаларининг ишлаб чиқарилишида товар белгиларига нисбатан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва уларнинг оқибатлари, контрафакт дори воситаларинг реализациясига қарши департамент томонидан олиб борилган ва бундан кейинг дастурий режа асосида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Е. Каньязов таъкидлаганидек, асосий вазифамиз контрафакт дори воситаларини аниқлаш ва истеъмолчиларни бундай дорилар ҳақида огоҳлантириш. Сабаби бемор ўзига керакли дори воситаси ўрнига контрафакт дорини харид қилса, соғлиғи етарлича тикланмаслиги ёки дори кутилганидек таъсир этмаслиги мумкин.
Товар белгисидан рухсатсиз фойдланиш орқали эса айрим уддабурон "тадбиркорлар" бошқа тадбиркорларга моддий зарар етказади, кўп ҳолларда имижлари, тўплаган обрўсига путур етказади.

Шунингдек, тақдимот давомида Интеллектуал мулк департаменти томонидан контрафакт маҳсулотлар реализациясига қарши тизимли чора тадбирлар олиб борилаётгани, хусусан, "Контрафактсиз ҳудуд" лойиҳаси, ҳар йили "Контрафактсиз ой" ойлигининг ўтказилиши, қолаверса муаммоларнинг муқобил ечими сифатида 4 хил турдаги 10000 нусхада контрафакт маҳсулотларнинг каталоглари ишлаб чиқилиб уларни тегишли савдо объектларига тарқатилаётгани бу каби маҳсулотларга қарши жадал кураш олиб борилаётгани алоҳида қайд этилди.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юзасидан янги жорий этилган механизмлар ва уларни амалга ошириш йўлида қилинаётган ишлар алоҳида қайд этилди.

Қарорга асосан, маҳсулотларни сертификатлаштириш, мувофиқлик сертификатлари ва белгиларини бериш ҳамда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатидан ўтказишда интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилинганлиги текшириш тартиби жорий қилиниши ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқлари билан ҳимояланган фармакологик фаол таъсир кўрсатувчи моддалар ва дори воситалари реестрини тузилиши ҳақида маълумотлар берилди.