Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.06.2022



09:38:57 (GMT +5), Яш, 26 июн 2022

Коворкинг-марказлари, “ННТ уйлари”, грантлар, янги платформалар...

Аҳамият беринг

Коворкинг-марказлари, “ННТ уйлари”, грантлар, янги платформалар...

2021 йил давомида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш соҳасида қандай ишлар амалга оширилган?


Давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларидаги кенг кўламли трансформациялар — миллионлаб инсонларнинг талабига жавобдир. Ўзбекистонда фуқароларнинг ғоялари, фикр-мулоҳазалари, мурожаатлари, таклифлари қабул қилинаётган қарорларнинг асосини ташкил этади, туб ўзгаришларнинг ўзига хос механизмига айланмоқда.

Жорий йилнинг 14 июнь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Жамоатчилик иштирокининг инновацион усуллари” форумида вазирлик ва идоралар, парламент палаталари, фуқаролик жамияти институтлари, хорижий ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар Ўзбекистонда жамоатчилик иштирокининг инновацион усуллари, илғор хорижий тажрибалари, шу жумладан, Марказий Осиёдаги энг яхши амалиётларни кўриб чиқди.

Маълумот учун: тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Олий Мажлис Сенати, Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ва Евроосиё жамғармаси кўмагида ташкил этилди. Форум 17 июнга қадар давом этадиган “Фаол фуқаролар ҳафталиги” дастурига киритилган. Унинг доирасида форум, конференция, давра суҳбати, мунозара, телемуҳокама, тренинг, марафон шаклидаги 30 дан зиёд тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Тадбирда иштирок этган Адлия вазирлиги Нодавлат нотижорат ташкилотлари бошқармаси раҳбари Авазбек Мадаминов ўз нутқида 2021 йил давомида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда жамоатчилик назорати институтини такомиллаштириш масалалари ҳақида сўзлаб берди.

Таъкидлангандек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ–6181-сон Фармони тарихий аҳамият касб этди.

Навоий, Фарғона, Қўқон Урганч ва Тошкент шаҳарларида нодавлат нотижорат ташкилотлари учун коворкинг-марказлари ташкил этилди ва улар 530 млн сўмлик моддий-техник воситалар билан жиҳозланди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” жами 190 дан ортиқ ННТ учун фойдаланишга топширилди, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”да жами 30,4 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланмоқда.

Жойларда фуқаролик жамияти институтларининг 334 та ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларига ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш фондлари орқали жами 13,5 млрд сўм маблағ йўналтирилди. Лойиҳалар доирасида 1000 га яқин фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига берилган давлат субсидияси ҳисобидан 120 та маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг лойиҳаларига жами 8,5 млрд сўм миқдорида грант ажратилиб, 300 дан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди.

www.е-ngo.uz портали ишга туширилиб, нодавлат нотижорат ташкилотларига 2021 йилнинг ўзида 11 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилди.

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик стандарти (индекси) ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.

Волонтёрлик фаолияти ҳисобини олиб бориш ва йўналтириш имконини таъминловчи “unions.uz” ягона интерактив портали ишга туширилди.

Шаффоф хайрия ва ҳомийлик тизимини йўлга қўйиш мақсадида “Шаффоф хайрия” (shaffofxayriya.uz) порталлари ишга туширилди.

Форум иштирокчилари 3 та мавзули сессия якунлари бўйича жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, фуқароларни қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб этишнинг инновацион услуб ва ёндашувларини жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими