Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.06.2022



05:07:48 (GMT +5), Дш, 27 июн 2022

Ислоҳотлар натижадорлигига баҳо берилиши масъулият ва жавобгарлик ҳиссини оширади

Аҳамият беринг

Ислоҳотлар натижадорлигига баҳо берилиши масъулият ва жавобгарлик ҳиссини оширади


Мамлакатимизнинг келажаги билан бевосита боғлиқ бўлган энг муҳим ҳужжат “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолаб бориш, бу борада самарали механизмларни яратиш тезлик билан ҳал этилиши лозим бўлган долзарб вазифа ҳисобланади.

Зеро, Тараққиёт стратегиясида Президентимиз томонидан халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида илгари сурилган аниқ ғоялар, ташаббуслар ва таклифларни ўз вақтида, сифатли, самарали ҳамда натижадорлик билан амалга ошириш давлат органларига, барча давлат хизматчиларига улкан масъулият ва жавобгарлик ҳиссини юклайди.

Шунга кўра, Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш натижасида белгиланган мақсадларга эришилганлиги ва йўл қўйилган камчиликлар ҳамда кўрилган чора-тадбирлар самарадорлигини аниқлаш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар устида доимий мониторинг олиб бориш ва комплекс баҳолаш механизмларини яратиш зарур.

Таъкидлаш жоиз, ҳозирги вақтда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг алоҳида йўналишларининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган самарали механизмлар амалиётга жорий қилинган.

Мисол учун, ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижаларини баҳолашга қаратилган Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий қилинди. Ушбу рейтинг 8 та йўналиш асосида аниқланади, улар орасида аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитлар яратилганлиги, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг барқарорлиги ҳамда ишончлилиги таъминланганлиги, янги иш ўринлари яратилганлиги, ишсизликни камайтириш ва меҳнат бозори самарадорлигини таъминланганлик ҳолатини келтириш мумкин.

Шу ўринда, айтиб ўтиш жоизки, Адлия вазирлиги томонидан ҳам алоҳида стратегик аҳамиятга эга йўналишлардаги ислоҳотларни баҳолаш жараёнининг ҳуқуқий механизмлари ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий қилинди.

Жумладан, Адлия вазирлиги ташаббуси билан:

а) ҳудудларда ҳуқуқ устуворлигининг таъминланганлик ҳолатини рейтинг асосида баҳоловчи “Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси” жорий қилинди.

Ушбу индекс “Huquq ustuvorligi” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали 7 та қуйидаги йўналишлар асосида аниқланади:

қонун ҳужжатларига риоя қилиниши;

фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши;

одил судлов ва суд қарорларининг ижро этилиши;

ҳуқуқ-тартибот ўрнатилганлиги ва хавфсизлик таъминланганлиги;

маҳаллий ижро органлари фаолиятининг самарали назорат қилиниши;

коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлиги;

ҳокимият институтларининг шаффофлиги;

б) ҳудудларда тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизими жорий этилди. Бунда, “Business Indicator” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ҳудудларда ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир этувчи омиллар аниқланади, шунингдек, бизнес вакилларига яратилаётган шароит ва қулайликларнинг амалий натижаси баҳоланади;

в) давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг “Очиқлик индекси”ни аниқлаш бўйича таклифлар Ҳукуматга киритилган. Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методика ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар уларни комплекс нуқтаи назардан баҳолашнинг ягона механизмини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. Жумладан, бугунги кунда ислоҳотларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш, уларнинг натижаларини тўплаш, таҳлил қилиш, умумлаштириш ва комплекс баҳолаш бўйича ягона тартиб жорий қилинмаганлигини, айрим соҳалар бўйича мавжуд электрон тизимлар эса тарқоқ ҳолда бўлиб, ягона платформага жамлаш зарурлигини кўришимиз мумкин.

Шу турдаги электрон тизимлар соҳавий тарзда бошқа вазирлик ва идоралар томонидан ҳам юритилишини инобатга оладиган бўлсак, уларни ягона платформага бирлаштириш Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолашда яхлит тизимни шакллантиришга ҳамда ислоҳотлар натижаларининг миқдорий ва сифат жиҳатидан қиёсий таҳлилини олиб боришга имконият яратади.

Бу эса, ўз навбатида, Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни баҳолаш, уларнинг натижалари юзасидан статистик ва бошқа турдаги маълумотларни бир нуқтада тўплаш, мониторинг ҳамда таҳлил қилиш ва умумлаштириш учун ягона электрон платформани шакллантирилишига олиб келади.

Шу муносабат билан, Адлия вазирлиги томонидан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази билан ислоҳотларнинг амалга оширилишини баҳолаш ва мониторинг қилиш тизимини яратиш мақсадида илғор хорижий тажриба ўрганилиб, дастлабки таклифлар ишлаб чиқилди.

Унга кўра, “Тараққиёт стратегиясида белгилаб ўтилган 7 та устувор йўналишлар доирасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш, уларнинг натижаларини тўплаш, таҳлил қилиш ва комплекс баҳолаш ҳамда йиллар ва соҳалар кесимида умумлаштириш каби имкониятларга эга ахборот тизимини жорий этиш назарда тутилаяпти.

Жумладан, мазкур дастурий таъминот юқорида таъкидланганидек, ҳозирги вақтда Адлия вазирлиги томонидан юритилаётган “Huquq ustuvorligi” ва “Business Indicator” автоматлаштирилган ахборот тизимлари билан бирга бошқа масъул вазирлик ва идоралар томонидан юритилиб келинаётган қуйидаги тизимларнинг индикатор кўрсаткичларини ўзида жамлашни назарда тутади:

– “Rating” ахборот тизими, ушбу тизим орқали статистик кўрсаткичлар ва сўровномалар натижалари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши баҳоланади;

– “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали бюджет маълумотларининг очиқлиги ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштироки таъминланганлиги баҳоланади;

– Ochiqlik.uz ахборот портали орқали давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлиги таъминланиши, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширилиши баҳоланди;

– “Хавфсиз йўл” ахборот тизими, бунда автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш каби индикаторлар асосида туманлар (шаҳарлар)да йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолати баҳоланади;

– “E-Anticor.uz” ахборот тизими орқали эса коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги баҳоланади;

– “Baho.gov.uz” ахборот тизими орқали давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолияти самарадорлигини баҳоланади;

– “Ўзбекистон халқаро рейтингларда” ягона портали орқали эса мамлакатимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги айрим ҳалқаро рейтинглари жамланади.

Айтиб ўтиш жоизки, мазкур жараёнга мамлакатимизда фаолият юритаётган ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот марказларини, мустақил экспертларни жалб этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, ислоҳотлар жараёни ва якуний натижадорлиги билан доимий равишда жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, бу жараёнда жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали ислоҳотлар ижросига муайян ҳудудда ёки соҳада натижадорлиги юзасидан баҳо бериш билан бирга, зарур бўлган ҳолларда уларни тўғрилаш, тузатиш имконини ҳам беради.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, мамлакатимиз ривожининг фундаментал асоси бўлган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида қўйилган мақсадлар ва вазифаларга эришиш сўзсиз таъминланиши пировард мақсад, “Инсон қадри учун” устувор тамойили асосида жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий, иқтисодий муносабатларни тубдан яхшилаш, аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш, халқимизни рози қилишга хизмат қилади.

Худоёр Мелиев
Адлия вазири ўринбосари