Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.06.2022



04:36:27 (GMT +5), Дш, 27 июн 2022

Модернизация стратегияси: инклюзив муҳит яратиш ва давлат хизматлари кўламини кенгайтириш

Аҳамият беринг

Модернизация стратегияси: инклюзив муҳит яратиш ва давлат хизматлари кўламини кенгайтириш


Бир ой аввал, Ўзбекистонда 2022-2026 йилларда давлат хизматлари тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш Миллий стратегияси ҳамда уни келгуси икки йилда амалга ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди. Стратегия “Давлат хизматларини кўрсатишда фуқаро эътибор марказида” тамойили асосида ишлаб чиқилган.

Бу ҳақда жорий йил 20 май куни Миллий матбуот марказида Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Вазирлик мутахассислари томонидан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишни таъминлаш мақсадида 2017 йилда ҳар бир туман (шаҳар)да Давлат хизматлари марказлари ташкил этилгани таъкидланди. Фаолиятининг бошида улар атиги 32 турдаги хизматлар кўрсатган. Бугунги кунда 172 турдаги давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган. Ўтган давр мобайнида 32 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилган.

Жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиш шинам, инновацион биноларда кўрсатилмоқда. Бугунги кунда республика бўйлаб 207 та марказ ва уларнинг 142 та филиали мавжуд бўлиб, улардаги операторлар сони 1700 га яқинни ташкил этади. Бундан ташқари, хизматлар қулай ва шаффоф шаклда олис аҳоли пунктларига жойига чиққан ҳолда сайёр давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Айтиш жоизки, ҳар бир хизматни жорий этишдан олдин маъмурий тартиб-таомиллар уларни соддалаштириш бўйича таҳлил қилинади.

 Шунга кўра, бизнес-жараёнларни реинжиниринг усулларидан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш жараёнлари оптималлаштирилмоқда. Натижада давлат хизматларини кўрсатишнинг умумий муддати салкам 787 кундан 471 кунга қисқартирилди. Марказлар орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг жорий этилиши натижасида
200 дан ортиқ тартиб-қоидалар қайта кўриб чиқилди ва соддалаштирилди.

Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида давлат хизматларидан экстерриториал фойдаланиш тартиби жорий этилди.

Жумладан, давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган 170 та хизмат, шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳга кирувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт бериш, фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатга олинган жойи ва ташкилотларнинг жойлашган жойи қайси ҳудудда бўлишидан қатъи назар, экстратерриториал тамойил асосида амалга оширилмоқда.

Аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, давлат хизматларининг янги турлари жорий этилмоқда.

Хусусан, 17 та давлат хизматларини композит шаклда кўрсатиш йўлга қўйилди. Масалан, боланинг туғилиши билан боланинг туғилишини рўйхатга олишда янги туғилган чақалоқ бир вақтнинг ўзида поликлиникада, ота-онасининг доимий яшаш жойида, давлат мактабгача таълим ташкилотининг навбатига рўйхатга олинади шунингдек, бола туғилиши муносабат билан бир марталик нафақа ҳам тайинланади.

Ҳозирда давлат хизматларини кўрсатиш марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар умумий ҳажмининг чорак қисмини ташкил этади.

2022-2026 йилларда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш бўйича Миллий стратегия давлат хизматлари кўрсатиш тизимини комплекс ривожлантиришнинг дастурий ҳужжатига айланди.

Стратегияда қуйидагилар асосий вазифа қилиб олинган:

давлат хизматлари кўрсатишни тартибга солувчи қонунчилик базасини такомиллаштириш, маъмурий тартиб-таомиллар самарадорлигини ошириш;

соҳага замонавий АКТни кенг жорий этиш, давлат хизматларини кўрсатишда идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш, мавжуд маълумотлар базаларини рақамлаштириш ва махфий ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

давлат хизматларининг янги турлари ва шаклларини жорий этиш, хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва кўрсатилаётган хизматларни илмий-амалий таҳлил қилиш ва бошқалар ташкил этади.

Шу билан бирга, Стратегия доирасида Адлия вазирлиги олдида улкан вазифалар турибди. Хусусан, ФҲДЁдаги иш юритиш қоғозсиз шаклга ўтказилади.

Давлат, банк, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва бошқа маъмурий тартиб-таомиллардан ўтишда Мобил- ID, банк пластик картаси орқали идентификация қилиш, биометрик идентификация – Face ID каби шахсий идентификациянинг муқобил усуллари жорий этилади.

 «Смартфонлаштириш» даврида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси “from web to app” (вебдан иловага) тамойили бўйича илова кенгайтирилиб такомиллаштирилади, шунингдек, бу орқали оммабоп хизматлардан фойдаланиш мумкин бўлади. Мобил илова орқали кўрсатилаётган хизматлар сони ҳозирги 60 тадан 250 тага етказилади. Умуман олганда, жорий йил охирига қадар давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сони амалдаги 172 тадан 200 тага, 2026 йилда эса бу кўрсаткич 300 та оширилади.

Оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими