Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.06.2022



05:44:08 (GMT +5), Дш, 27 июн 2022

Ҳайдовчилик гувоҳнома алмаштириш муддати узайтирилиши ДХМларга ҳайдовчилар оқимини 10 баробардан кўпроқ камайтирди

Аҳамият беринг

Ҳайдовчилик гувоҳнома алмаштириш муддати узайтирилиши ДХМларга ҳайдовчилар оқимини 10 баробардан кўпроқ камайтирди


Жорий йилнинг февраль-март ойларида давлат хизматлари марказларида эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги турдаги гувоҳномаларга ўзгартириш истагида бўлган фуқароларнинг ҳайратланарли оқими кузатилди.

Иложи борича кўпроқ фуқароларга хизмат кўрсатиш мақсадида давлат хизматлари марказлари узайтирилган иш вақти асосида “сўнги мижозга қадар” тартибида , баъзилари эса умуман дам олиш кунларисиз ишлади.

Натижада янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилганидан (2017 йил октябрь) бугунги кунга қадар 3,8 миллиондан ортиқ хусусан, бир миллиондан ортиқ гувоҳнома 2022 йилнинг март-апрель ойларида янгиланди.

Шу билан бирга, 2,2 миллиондан ортиқ ҳайдовчи ҳали ҳам эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалар билан ҳаракатланмоқда.

Шу боис, жорий йилнинг 12 апрел куни Вазирлар Маҳкамасининг эски ҳайдовчилик гувоҳномалари ва транспорт воситалари рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни алмаштириш муддатини 2023 йилнинг апрель-декабрь ойларигача узайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб ҳайдовчилик гувоҳномалари ва транспорт воситалари рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни алмаштиришни 2020 йил 31 декабргача якунлаш режалаштирилган эди.

Жумладан, 2020 йилнинг баҳорида муддат бир йилга, 2021 йилнинг ноябрида эса 2022 йилнинг охиригача узайтирилди.

Давлат хизматлари марказлари фаолияти мониторинг қилинганда, ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш бўйича мурожаатлар сони узайтиришдан сўнг сезиларли даражада камайганини кўрсатди.

Мисол учун, гувоҳномаларни алмаштириш муддати март ойигача белгиланганида Чилонзор тумани давлат хизматлари марказига кунига 500-700 нафар фуқаро мурожаат қилган.

Бироқ, гувоҳномаларни алмаштириш муддати узайтирилиши биланоқ, ҳайдовчилар оқимини 10 баробардан кўпроқ камайишига олиб келди. Бу, айниқса, Андижон тумани Давлат хизматлари маркази мисолида яққол кўзга ташланади. Агар февраль ойида 2577 нафар фуқаро, март ойида эса 2723 нафар фуқаро марказга мурожаат қилган бўлса, апрель ойида уларнинг сони 1103 нафарни, май ойининг биринчи ярмида эса атиги 100 нафарни ташкил этган.

Бугунги кунда, ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш жами 74 та пунктда, шундан, 25 таси Давлат хизматлари марказларида, 49 таси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларида фаолият кўрсатмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг апрелига қадар ҳар куни ўртача 120-150 киши хизматга мурожаат қилган тақдирда, қолган эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришни навбатларсиз, қоғозбозликсиз ва ходимлар ишлаш самарадорлигини сақлаб якунлаш мумкин бўлади.

Фуқароларни ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришни охирги бир ойга қолдириб, муддат тугашини кутмасликка, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишга чақирамиз!

Маълумот учун: эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини йўл ҳаракати хавсизлик хизмати бўлимлари шунингдек, Тошкент шаҳри, Бухоро, Жиззах, Қўқон, Навоий, Наманган, Термиз, Фарғона, Хива ва Чирчиқ шаҳарлари, шунингдек, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари, Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани, Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани, Андижон вилоятининг Андижон тумани ва Фарғона вилоятларининг Сўх тумани давлат хизматлари марказларида ёки онлайн ариза бериш орқали ҳам алмаштириш имкониятлари яратилган.

Ёдингизда бўлсин, хизматларни экстерриториаллик принципи асосида ҳам олишингиз мумкин. Агар 25 та давлат хизматлари марказларидан бирида навбат бўлса, бошқасини танлаш имкониятингиз мавжуд.

Ҳурматли ҳайдовчилар, вақтингиз ва берилган муддатдан оқилона фойдаланинг!

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими