Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 26.05.2022



13:37:50 (GMT +5), Пш, 26 Мая 2022

Тошкентда давлат хизматини модернизация қилиш ва қонун устуворлигини таъминлашга бағишланган халқаро конференция биринчи кун тафсилотлари

Аҳамият беринг

Тошкентда давлат хизматини модернизация қилиш ва қонун устуворлигини таъминлашга бағишланган халқаро конференция биринчи кун тафсилотлари


Бугун, 12-май куни Тошкентда ўз ишини бошлаган Марказий Осиё давлатлари давлат хизматчилари учун “Давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларини ҳурмат қилиш” мавзусида халқаро конференциянинг биринчи куни якунланди.

Халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Конференция Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашининг “2020—2023 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёда қонун устуворлиги” дастурида назарда тутилган бўлиб, унинг доирасида Адлия вазирлиги бошқа ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлашда фаол иштирок этмоқда.

Тадбирнинг асосий мақсади — давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилиш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда илғор тажрибалар билан алмашиш учун етук халқаро ва миллий экспертларни бирлаштирадиган очиқ мулоқот майдонини ташкил этишдир.

Конференцияда миллий иштирокчилар билан бир қаторда Европа давлатларидан, хусусан Германия, Франция, Португалиядан ташриф буюрган экспертлар ва мутахассислар, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан ташриф буюрган адлия, давлат хизматларини кўрсатиш, давлат хизматини ривожлантириш ва бошқа давлат идоралари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этмоқда.

Конференция очилишида сўзга чиққан адлия вазири, сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқарувини модернизация қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганини, жумладан, давлат институтлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, иқтисодиётда давлат ролини қисқартириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Конференциянинг биринчи сессияси “Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш ва қонун устуворлиги тамойиллари: конституциявий ва ҳуқуқий чақириқлар” мавзусида бўлиб ўтди. Унда маърузачилар давлат ҳокимиятини амалга оширишни тартибга солувчи модел сифатида қонун устуворлиги ҳамда давлат бошқаруви тамойиллари, шаффоф ва ҳисобдор маъмуриятнинг халқаро тажрибаси масалаларида маъруза қилинди.

Конференциянинг иккинчи сессияси “Фуқароларга сифатли давлат хизматлари кўрсатиш: стратегиялар, инновациялар, рақамлаштириш” мавзусида давом этиб, давлат хизматларини ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга бағишланди.

Конференциянинг ташкилотчиларидан бири, адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев мамлакатимизда яқин йилларда давлат бошқарув, давлат хизматлари кўрсатиш,   иқтисодий секторда давлат аралашувини қисқартириш, лицензиялаш ва рухсат бериш соҳаларида амалга оширилган ишлар ҳамда қилиниши лозим бўлган ишлар хусусида нутқ сўзлади.

Вазир ўринбосари ўз нутқида, “Ҳар бир хизматни жорий этишдан олдин маъмурий тартиб-таомилларга асосан уларни соддалаштириш бўйича таҳлил қилинади. Шунга кўра, бизнес-жараёнларни реинжиниринг усулларидан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш жараёнлари оптималлаштирилмоқда. Натижада давлат хизматларини кўрсатишнинг умумий муддати салкам 787 кундан 471 кунга қисқартирилди. Марказлар орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг жорий этилиши натижасида 200 дан ортиқ тартиб-қоидалар қайта кўриб чиқилди ва соддалаштирилди” деди.

Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик соҳасида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида гапириб “Оҳирги 5 йил ичида лицензиялаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди ва тадбиркорлик фаолияти соҳасида 132 турдаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиблари бекор қилинди ҳамда тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказилди” деб таъкидлади.

Шунингдек, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 17 турдаги давлат хизматларини композит шаклда кўрсатиш йўлга қўйилганлиги ҳақида маълумот бериб, боланинг туғилишини рўйхатга олиш, туғилиши муносабати билан бир марталик тўлов, давлат мактабгача таълим ташкилотининг кутиш рўйхатига киритиш каби бошқа масалаларни мисол келтирди.

Конференция 13 май куни ҳам давом этиб, Инсон ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш орқали маъмурий ислоҳотлар барқарорлигини таъминлаш: давлат хизматчиларини қайта тайёрлаш ва профессионал ривожлантириш мавзусида ҳорижий экспертлар маърузалари бўлиши кутилмоқда.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими