Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.06.2022



04:55:46 (GMT +5), Дш, 27 июн 2022

Тошкентда давлат хизматини модернизация қилиш ва қонун устуворлигини таъминлашга бағишланган халқаро конференция иш бошлади

Аҳамият беринг

Тошкентда давлат хизматини модернизация қилиш ва қонун устуворлигини таъминлашга бағишланган халқаро конференция иш бошлади

Бугун, 12 май куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари давлат хизматчилари учун “Давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларини ҳурмат қилиш” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.


Халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Конференция Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашининг “2020—2023 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёда қонун устуворлиги” дастурида назарда тутилган бўлиб, унинг доирасида Адлия вазирлиги бошқа ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлашда фаол иштирок этмоқда.

Тадбирнинг асосий мақсади — давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилиш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда илғор тажрибалар билан алмашиш учун етук халқаро ва миллий экспертларни бирлаштирадиган очиқ мулоқот майдонини ташкил этишдир.

Конференцияда миллий иштирокчилар билан бир қаторда Европа давлатларидан, хусусан Германия, Франция, Португалиядан ташриф буюрган экспертлар ва мутахассислар, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан ташриф буюрган адлия, давлат хизматларини кўрсатиш, давлат хизматини ривожлантириш ва бошқа давлат идоралари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этмоқда.

Конференция очилишида сўзга чиққан адлия вазири, сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқарувини модернизация қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганини, жумладан, давлат институтлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, иқтисодиётда давлат ролини қисқартириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси, давлат институтлари фаолияти самарадорлигини таъминлашга қаратилган учта асосий қонун — “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида” қабул қилинган. Давлат хизматини ташкил этишни тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида давлат хизматчиларининг касбий корпусини яратишга масъул бўлган алоҳида идора ташкил этилди.

Коррупция кўринишларининг олдини олиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва фуқароларнинг уларга бўлган ишончини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Айни пайтда ушбу рўйхатга 34 та позиция киритилган. 2021—2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Давлат бюджети ва давлат қарзи тўғрисидаги маълумотларни эълон қилувчи “Очиқ бюджет” портали ишга туширилди. “Ташаббусли бюджет” доирасида фуқаролар инфратузилмани такомиллаштириш лойиҳаларини таклиф этиш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисмини тақсимлашда иштирок этишлари мумкин.

Вазир Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи бошланганини таъкидлади. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида бир-бирини такрорлайдиган тузилмалар ва функцияларни оптималлаштириш, вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ тартибини, уларнинг тузилмаси ва штат жадвалига қўйиладиган талабларни белгилаш йўли билан “ихчам ҳукумат”ни яратиш кўзда тутилмоқда.

Вазирнинг қайд этишича, самарали фаолият юритувчи давлат бошқаруви тизимини шакллантиришда қонун устуворлиги муҳим ўрин тутади. Айнан қонун устуворлиги тамойилларини амалда татбиқ этиш орқали инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни ва давлат институтларида коррупцияни юзага келтирувчи омилларни камайтириш мумкин.

Қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашда давлат институтларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида Ўзбекистонда Қонун устуворлиги индекси жорий этилди, унда республиканинг ҳудудларида қонун устуворлигини таъминлаш ҳолати рейтингидан келиб чиққан ҳолда баҳоланади.

Конференция 13 май куни ҳам давом этади ва унда давлат бошқаруви, давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат хизматини ривожлантириш мавзуларига оид турли долзарб масалалар муҳокама қилинади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими