Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 05.10.2022



00:21:48 (GMT +5), Пш, 6 окт 2022

Адлия вазирлиги учинчи марта кетма-кет йилнинг энг намунали вазирлиги деб эътироф этилди.

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги учинчи марта кетма-кет йилнинг энг намунали вазирлиги деб эътироф этилди.


Rost24 сайти томонидан ташкиллаштирилган “Йил танлови-2021” якунларига кўра журналист ва блогерлар томонидан Адлия вазирлиги “Йилнинг энг намунали вазирлиги”, Вазирлик ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги эса “Энг намунали давлат ташкилоти” номинацияларида кетма-кет учинчи марта юксак эътирофга лойиқ кўрилди. Шунингдек, ташкил этилганига икки йилдан сал кўпроқ вақт бўлган Ўзбекистон Республикаси нотариал палатаси “Энг намунали жамоат бирлашмаси” номинациясида 2-ўринни эгаллади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу танловда иштирок этиш учун ҳеч бир ташкилот ёки шахс аввалдан ариза ё бошқа ҳужжатлар топширмайди. Хусусан, Адлия вазирлиги ҳам бутун танлов жараёнини фақат четдан кузатди, яъни бу соф жамоатчилик танлови бўлди. Илк бора ушбу танлов давлатдан мустақил бўлган оммавий ахборот воситаси ташаббуси билан ўтказилгани ва унда давлат тузулмаларига баҳо берилиши жамиятда демократлашув жадаллашаётгани, очиқлик сиёсати табора бўй кўрсатаётганидан даракдир.

Шундай ўзига хос, холис ва шаффоф танловдаги юксак эътироф ҳамда ишонч учун Адлия вазирлиги жамоаси ОАВ ҳамда жамоатчилик фаолларига ўз миннатдорчилигини билдиради.

Шунингдек, ушбу танловни ташкиллаштириб келаётган жамоага машаққатли, айни пайтда жамият тараққиёти ва давлатимиз равнақи учун манфаатли ишларида келгусида ҳам омад тилайди.

Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган жараёнларда ўзларининг дадил, холис ва фаол ёндашувлари билан иштирок этмоқда, таъсир кўрсатмоқда ва ҳисса қўшмоқда. Яъни кучли фуқаролик жамияти қуриш ва тизимли муаммоларни бартараф этишда ОАВнинг роли ниҳоятда муҳим.

Хусусан, адлия тизими мисолида, нотариат ёки давлат хизматлари соҳасида қатор қоидабузарликлар ва муаммоларни ҳал қилишда журналистлар ва блогерларнинг ҳиссаси катта бўлганини эътироф этиш лозим.

Rost24 сайти эса иш бошлаганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, ўз овози ва ўрнига эга бўлишга улгурди. Биз келгусида ушбу сайтни мамлакатимизнинг илғор, холис, юқори стандартли, ишончли ахборот манбалари қаторида узоқ йиллар етакчи ўринларда бўлишига тилакдошмиз.

Адлия тизими ушбу эътирофнинг қийматини юксак баҳолайди ва қадрлайди. Шунингдек, масъулиятни ҳис қилган ҳолда бундан кейин ҳам халқни рози қилиш йўлида ўз олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан, ҳалол ва қонунларга таянган ҳолда олиб бориш йўлидан чекинмайди.

Эътироф учун ташаккур

Ҳурмат билан ,
Адлия вазирлиги жамоаси