Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 26.05.2022



10:29:58 (GMT +5), Пш, 26 Мая 2022

Адлия вазирлиги: пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти бўйича шартнома намуналари ишлаб чиқилди

Адлия вазирлиги: пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти бўйича шартнома намуналари ишлаб чиқилди


Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти мамлакатда қишлоқ хўжалигини, шунингдек иқтисодиётни инновацион тараққий эттиришнинг муҳим кафолати ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишдаги роли ва масъулиятини ошириш, маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчиларнинг манфаатдорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 декабрдаги “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 733-сон қарори билан пахта-тўқимачилик кластерларини фаолиятини ташкил этиш, шунингдек шартномавий муносабатларга оид тартиблар белгиланди.

Мазкур Қарорда белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси билан биргаликда Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида тўрт томонлама битим ҳамда Пахта-тўқимачилик кластери билан фермер хўжаликларининг пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб бериш бўйича тузиладиган фьючерс шартномаси намуналари ишлаб чиқилди.

Ушбу шартнома намуналари юқорида қайд этилган қарор билан тасдиқланган Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низомда белгиланган тартиблар, шунингдек шартномавий муносабатларни тартибга солувчи умумий қоидалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу Низомга асосан, пахта-тўқимачилик кластерлари қуйидаги шаклда ташкил этилиши назарда тутилган:

Ø қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олган ҳолда пахта етиштириш;

Ø пахта хомашёсини шартнома асосида фермер хўжаликлари ва бошқа пахта етиштирувчилардан сотиб олиш;

Ø қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олган ҳолда пахта етиштириш ҳамда пахта етиштирувчилардан шартнома асосида сотиб олиш.

Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисидаги тегишли ҳужжат қабул қилингач 5 иш кунида талабгор билан 30 йил (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ёки чет эл юридик шахси бўлган тақдирда 25 йилгача бўлган) муддатга битим тузилиши ҳамда 3 иш кунида пахта-тўқимачилик кластери тегишли туман (шаҳар) ҳокими билан ер ижараси шартномаси тузади (кластер ер участкаларини ижарага олган ҳолда ташкил этилган тақдирда).

Ишлаб чиқилган шартнома намуналарида тарафлар ҳақида умумий маълумот, шартнома предмети, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳисоб-китоб қилиш тартиби, шартномани бажарилиши, тарафларнинг жавобгарлиги, коррупцияга қарши қўшимча шартлар, форс-мажор, низоларни ҳал этиш тартиби, тарафларнинг реквизитлари ва бошқа шартномавий муносабатларга оид умумий қоидалар назарда тутилган.

Мазкур шартнома субъектлари ўз фаолиятлари доирасида эркин фойдаланишлари учун шартнома намуналари Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилди.

Маълумот учун, фуқаролик қонунчилигига мувофиқ, тарафлар шартнома тузишда эркин бўлиб, ўзаро келишувига кўра битимда бошқа қўшимча шартларни ҳам акс эттирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги