Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.05.2022



05:16:28 (GMT +5), Пш, 26 Мая 2022

Аҳолидан асоссиз ортиқча ҳужжат талаб қилиб олган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилди

Аҳолидан асоссиз ортиқча ҳужжат талаб қилиб олган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилди


Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сон “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси 29 та вазирлик ва идораларда ўрганилди.

Ўрганишда вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонида белгиланган талаблар бузилганлиги, айрим тадбирлар ижроси таъминланмаганлиги аниқланди.

I. Фармон билан 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш бекор қилиниб, ушбу ҳужжатларни мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими орқали сўраб олиниши белгиланган бўлсада, Фармон талаби бузилиб жами 3 256 та ҳолатда ҳужжатлар аҳолининг ўзидан талаб қилиб олинган.

Ўрганиш якуни бўйича Президент Фармони талабини бузиб, аҳолидан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиб олганлиги учун қуйидаги вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2155-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди:

- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;

- Инновацион ривожланиш вазирлиги;

- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;

- Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;

- Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги;

- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги;

- Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги;

- Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси;

- Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси.

II.  Ўрганилган 29 та вазирлик ва идоралардан 3 таси ўрганиш жараёнида, қолган 24 та вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизим идоралари ўрганиш якуни бўйича Адлия вазирлиги томонидан киритилган тақдимномаларга асосан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасига уланиши таъминланди.

Бу эса ушбу давлат органларига улар томонидан хизмат кўрсатиш жараёнида аҳолини овора қилмасдан (ҳужжатларни аҳолидан талаб қилиб олмасдан) давлат хизматини кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатларни ваколатли органлардан мустақил равишда сўраб олиш имконини беради.

III. Аниқланган қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида вазирлик ва идораларга 21 та тақдимнома киритилди.

Киритилган тақдимномалар натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг 38 нафар маъсул ходимларига интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлардаги, шу жумладан Президент ҳужжатларидаги ҳар бир топшириқ ва уларнинг назорат бандлари ижроси алоҳида назоратга олинган.

Шу сабабли, Адлия вазирлиги барча давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари раҳбарларини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини овора қилмасликлари ҳамда улардан қонун ҳужжатларида белгиланмаган ҳужжатларни талаб қилиб олмасликка чақиради.

Агарда Президент Фармони билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиниши бекор қилинган ҳужжатларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан сўраб олинганлиги ёки ортиқча ҳужжатлар олинганлиги аниқланса мазкур вазирлик ва идорлар раҳбарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2155-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилади.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими