Давлатнинг ишончи, обрў-эътибори
Ўзбек халқи тарихида ҳам кескин бурилиш ясаган, истиқлол учун курашлар самараси бўлган, аҳамияти жиҳатидан асрларга татигулик ҳуқуқий ҳужжатлар қаторида “Мустақиллик декларацияси”, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида”ги Қарор, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонун ва албатта, Асосий Қонунимиз — Конституциямизни алоҳида эҳтиром билан тилга оламиз. Мустақил давлатчиликнинг белгиси ҳисобланмиш Конституция, аввало, миллатнинг юзи, халқнинг эрки ифодаси, жамият тараққиётининг асосидир. Том маънода янги демократик тузумни барпо этиш мақсадида қабул қилинган Конституциямизнинг ғояси, асосий принцип ва қоидалари умумэътироф этилган халқаро талаблар билан бирга, халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланиб келган қадриятларини ҳам ўзида мужассам этган.
Қабул қилиниш тартибининг ўзиёқ жаҳон конституциявий тажрибасида алоҳида ўрин тутувчи, ҳуқуқий прецедент ҳисобланган, яъни лойиҳаси икки маротаба умумхалқ муҳокамасидан ўтган Конституциямизнинг яратилиш даври ўта мураккаб тарихий жараёнлар силсиласига тўғри келди. Халқимиз томонидан билдирилган фикрлар Конституция мазмунини янада бойитди. Жамиятимизнинг миллионлаб аъзолари тақдири билан боғлиқ ушбу жараённи сиёсий фаоллик намунаси бўлди, деб таъкидлаш жоиз.
Тарихий сана — 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.
Халқимиз Конституциямизнинг қабул қилиниши орқали дунё ҳамжамиятига ўзининг умуминсоний қадриятларга содиқ эканлигини намоён қилди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эътироф этганидек, “Конституциямиз ўз мазмун-моҳиятига кўра халқимиз тафаккурининг маҳсули бўлиб, у давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган қомусномадир”.
Конституциямизнинг барча моддаларида дунёда умумэътироф этилган тамойиллар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлардаги умуминсоний тамойиллар мазмуни мужассам. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси энг мукаммал конституциялардан бири бўлиб, ихчамлиги ва кенг қамровлилиги, инсонпарварлиги билан ажралиб туради.
Мустақиллигимиз қомуси Конституциямиз халқимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-иқтисодий ҳаётида катта аҳамиятга эгадир. Бу қомусий ҳужжатнинг халқчиллиги шундаки, унда миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз, эътиқодимиз, умуман, миллий қадриятларимиз ҳимояси ва равнақи аниқ белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқароси бўлган барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одатлари, миллий анъаналарини ҳурмат қилиш кафолатланган.
Бу эса, ана шу миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкамлиги гаровидир. Асосий Қонунимизда адолат, иймон, олийжаноблик, фидойилик, инсонга ғамхўрлик, мардлик сингари миллийлигимизнинг белгиси бўлган улуғ фазилатлар акс эттирилган. Ўзбекистонда яшовчи барча фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий давлат барпо этиш каби олийжаноб ғоялар ўз ифодасини топган.
Шунинг учун ҳам халқимиз ҳар йили 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунни ўзига хос кайфиятда нишонлайди.
Мана Бош қомусимиз қабул қилинганига ҳам 25 йил бўлмоқда. Шу боис бу санани ҳар йилгидан ҳам ўзгачароқ шукуҳда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида Жиззах вилоятида ҳам тарғибот ва ташвиқот гуруҳлари томонидан 320 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбири, шу жумладан, конференция, давра суҳбатлари, семинарлар ва ток-шоулар ўтказилди.
Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан вилоят бўйлаб ёшлар ўртасида “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги” ўтказилиб, тарғибот гуруҳлари аъзолари учун видеоконференция шаклида ўқув семинари ва мастер класслар ҳам ташкил этилди.
Конституциянинг мазмун-моҳияти ва мамлакатимизда ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаларини кенг тарғиб қилиш фуқаролар онгида ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга хизмат қилади. Ҳуқуқшунослар, олимлар, сиёсатчилар, ёзувчи-шоирлар, зиёлилардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари бу тадбирларда фаоллик кўрсатмоқдалар. Улар мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқларни оддий мисоллар билан учрашувларда кенг тарзда ёритиб беришмоқда.
Конституциямиз ҳимоясини таъминлашда адлия органлари томонидан назорат таҳлил ишлари ҳам амалга ошириб келинмоқда.
Назорат тадбирларининг асосий мақсади, авваламбор, тизимли хато-камчиликларни асослаш, қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдиришдан иборат. Бу борада қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, камчиликларга олиб келган шароит ва сабабларни ўрганиш, асосийси уларни қайта такрорламаслик мақсадида комплекс профилактик чора-тадбирларни ўтказиш муҳимдир.
Қонунчиликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўтган йилнинг ўзида 74 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, уларни рўёбга чиқариш юзасидан тегишли идораларга таклифлар киритилди.
Конституциямиз асосида қабул қилинган қатор қонун ва қарорлар эса, эзгу ишларимизни янада ривожлантириш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш имконини бермоқда. Конституциямиз буюк алломаларимиз қолдирган илмий-маданий меросни асраб-авайлашимизга, уларни келгуси авлодларга етказишимизга, ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилади.
Давлатнинг ишончи, обрў-эътибори, кўрки унинг Конституциясидир. Демак, биз ҳам Конституциямиз туфайли ўз нуфузимизга эга бўлдик, нурафшон йўлимизни топдик, ана шу йўл бардавом бўлиши учун эса, ҳар биримиз она Ватанга содиқ, муносиб фарзанд бўлишимиз зарур.