Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 06.10.2022



09:15:25 (GMT +5), Пш, 6 окт 2022

Вазирлик муассасалари

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази

Раҳбар: Халилов Акрам Утамуродович

Телефон:
(0371) 209-01-49

Факс:
(0371) 209-11-55

Веб-сайт:
www.sudex.uz

Манзил:
Тошкент шаҳри, Фарғона йўли кўчаси

e-mail:
sudex@minjust.gov.uz, info@sudex.uz

Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази 1995 йилгача Тошкент суд экспертиза илмий-тадқиқот институти деб аталар эди. Ўша даврда суд экспертлик фаолиятини тартибга соладиган бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқ эди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач Республика суд экспертиза маркази ўзининг янги ривожланиш босқичини бошлади.

Мамлакатда суд экспертиза фаолиятини такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, холисона, аниқ ва ишончли эксперт хулосалари билан одил судловни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 22 июндаги 234-сонли “  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг экспертиза хизматини ривожлантириш тўғрисида”ги қарори билан Тошкент суд экспертиза илмий-тадқиқот институти Республика илмий-тадқиқот криминалистика марказига (РИТКМ) айлантирилиб, унга суд экспертизаси масалалари бўйича илмий-услубий ва мувофиқлаштирувчи идора вазифаси юклатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги 370-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Республика суд экспертиза маркази деб номлана бошланди.

Аввалига суд экспертизасига оид масалалар асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда акс эттирилган бўлиб, суд экспертизасининг тушунчаси ва унинг фаолияти маълум бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тулиқ ёритиб берилмаган эди.

Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ қилиниши муносабати билан суд экспертиза фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллашиб борди. Ўзбекистон Республикаси 2010 йил 1 июнда қабул қилинган “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни суд ишларини юритиш турларидан қатъий назар, демократик принципларга асосланган суд-экспертлик фаолиятини тартибга солувчи умумий нормаларни белгилаб берди. Қонун билан Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари тартибга солинди ва суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик бирхиллаштирилди, шунингдек Ўзбекистонда суд экспертизасининг динамик ривожланиши, экспертлик тадқиқотларининг жаҳон стандартларига мос келадиган, замонавий илмий даражада ўтказилиши учун шароит яратиб берилди.

1991 йилда Марказда 4 та лаборатория, 2 та бўлим ҳамда 6 та вилоят бўлинмалари фаолият кўрсатар эди. 1992 йилда Марказ қошида суд-фонография экспертизаси бўлими ташкил қилинди ва порахўрлик, коррупция, рекэтни фош этишда муҳим ўрин эгаллайдиган суд-фонография экспертизасини ўтказиш бошланди.

1994 йилда Марказдаги суд-бухгалтерия бўлими асосида суд-иқтисодий экспертиза бўлими ташкил қилинди ва кенг қўламда иқтисодий экспертизалар ўтказила бошланди. Бу бозор муносабатларига ўтиш билан боғлиқ иқтисодий муаммоларга тааллуқли турли масалаларни ҳал этиш ва иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни очишда суд экспертизасининг имкониятларини сезиларли кенгайтирди.

2000 йилда Марказий Осиёда биринчи бўлиб Марказда одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси ташкил қилинди ва одам ДНКси суд-биологик экспертизасидан ўтказила бошланди.

2001 йилда Хоразм вилояти Урганч шаҳрида Марказ бўлинмаси ташкил қилинди ва суд-автотехник экспертизалар ўтказила бошланди.

Бугунги кунда Марказда 5 та лаборатория, 3 та бўлим, 7 та вилоят бўлинмалари ва эксперт гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Вилоят бўлинмаларида аввал деярли барчасида фақат автотехник экспертизадан ўтказилган бўлса, мустақиллик йилларида уларда суд-иқтисодий, суд-қурилиш-техникавий, суд-товаршунослик, суд-ер экспертизалари ўтказиш ташкил қилинди.

Марказ томонидан 54 эксперт мутахассислиги бўйича кенг қамровдаги 40 та экспертиза тури ўтказилади.

Бугунги кунда Марказ суд экспертизаларини юқори илмий савияда ўтказиш, аниқ ва ишончли эксперт хулосаларини бериш учун замонавий техник база ва илғор услубларга эга бўлиб, ҳуқуқий давлатни шакллантириш, янги иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш шароитида унга юклатилган вазифаларни муваффақиятли ҳал қилиб келмоқда.

Унинг юксак салоҳияти анъанавий криминалистик, кимёвий, физикавий, муҳандислик, биологик, иқтисодий экспертизадан ўтказиш билан бир қаторда энг замонавий ва истиқболли одам ДНКси суд биологик (ген дактилоскопияси), фонографик (овоз ва нутқ), материалшунослик каби экспертиза турларини ўтказиш имконини беради. Сўнгги йилларда ҳеч қаерда ўтказилмаган, фақат Марказда ўтказиш ташкил этилган ўзбек тилидаги фонограммалар экспертизаси, суд-ер, йўл-транспорт, иқтисодиёт соҳасида банк-кредит, солиқ бўйича ва шу каби суд экспертизалари ўтказила бошланди.

Эксперт хулосалари энг оғир ва мураккаб жиноятларни фош этиш ва иш бўйича қонуний қарорлар қабул қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва судларга муҳим ёрдам бериб келмоқда.

Марказ ташкил қилинган дастлабки йилларда бу ерда 3.913 та экспертиза ўтказилган бўлса, 2011 йилга келиб бу кўрсаткич 24.540 тани ташкил этди.

Марказнинг Самарқанд, Фарғона, Андижон, Қарши, Нукус, Гулистон, Урганч ва Термиз шаҳарларидаги бўлинмалари ходимлари одил судловни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Алоҳида эътибор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва судьялар учун илмий-услубий ишларга қаратилган.

Марказда суд эксперт тадқиқотларини ўтказиш билан бир қаторда суд экспертиза масалалари бўйича кенг кўламда илмий тадқиқотлар ҳам олиб борилади.

Марказда олиб борилган илмий тадқиқотлар амалиёт талабларидан келиб чиқиб суд экспертизанинг ҳуқуқий, умумназарий асосларини ривожлантириш, суд экспертизанинг мавжуд услубларини такомиллаштириш ва янгиларини яратишга ва экспертиза соҳасида ахборот-қидирув тизимларини ишлаб чиқишга ва тўлдиришга қаратилган.

Бугунги кунда Марказда битта Давлат гранти асосида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги илмий-техник тараққиётни мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан тасдиқланган Давлат илмий-техника дастури (ДИТД) бўйича Ўзбекистон популяцияларининг Y-хромосома бўйича полиморфизмини тадқиқ этиш бўйича ва ички қўшимча режа асосида 13 та йўналиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Жумладан, суд экспертизанинг умумназарий асосларини шакллантиришга қаратилган Ўзбекистонда суд экспертизасини қонуний бошқаришни такомиллаштириш бўйича, услубий масалаларини ишлаб чиқишга қаратилган: суд-хатшунослик экспертизаси соҳасида лотин графикасига асосланган ўзбек тилида атайлаб ўзгартириб ёзилган дастхатларни тадқиқ этиш, ҳужжатларни техник-криминалистик экспертизаси бўйича босилган тасвирлардан рангли струяли принтерларни аниқлаш ва таққослаш имкониятларини тадқиқ этиш, суд-баллистика соҳаси бўйича ўқ отган шахсни аниқлашда электрон микроскопини қўллаш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни микромиқдорини тадқиқ этиш, ўсимлик мойларини криминалистик тадқиқ этиш, микрозарралар экспертизаси бўйича толали объектларни таққослаш усулини ишлаб чиқиш, суд-қурилиш-техникавий экспертизаси соҳасида қурилиш объектларини баҳолашнинг бозор усулини қўллаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш, суд автотехника экспертизаси бўйича «UzGM» (Daewoo) автомашиналарининг тормоз хусусиятларини ўрганиш, суд иқтисодий экспертиза соҳасида банк тизимида иқтисодий жиноятларни содир этишда қўлланилган ҳужжатларни тадқиқ этиш, суд фонография соҳасида рақамли мосламаларда ёзилган ўзбек тилидаги фонограммалар товуш сигналларининг кўрсаткичларига тозалаш (фильтрлаш) воситаларининг таъсирини тадқиқ этишга қаратилган тадқиқотлар амалга оширилмоқда.

Компьютер техникасини суд экспертиза амалиётига жорий этиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар турли объектлар бўйича маълумотлар базасини яратишга қаратилган бўлиб, изшунослик ва шиша (ойна) экспертизаси такомиллаштиришга бағишланган.

Марказ томонидан МДҲ мамлакатлари, шунингдек АҚШ, Германия, Франция, Швейцария, Туркия, Хорватия, Финляндияда ўтказиладиган илмий-амалий конференцияларда ўзининг илмий тадқиқотлари натижалари асосида маъруза ва илмий мақолалар чоп этиб келмоқда.

Айтиш жоизки, юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг Марказнинг халқаро нуфузи янада ошди. Адлия вазирлиги томонидан МДҲ давлатлари Азербайжан, Тожикистон, Украина, Қирғизистон, Грузия ва Хитой Халқ Республикалари Адлия вазирликлари билан суд экспертиза соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузилди. Уларга асосан Марказ Озарбайжон ва Украина Республикаларининг суд экспертиза муассасалари билан эксперт хулосаларини тақризга юбориш, илмий мақолаларни чоп этиш учун йўллаш ва услубий материаллар билан алмашиш шаклида ҳамкорлик олиб боради. Марказ ходимлари Чехия, Словакия, Германия Республикалари ҳамда Америка Қўшма Штатларида малака ошириб келдилар. Марказнинг 4 ходими халкаро токсикологлар жамияти (TIAFT)га аъзо бўлди.

Марказ ходимлари чет эл мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган бир неча илмий семинарларда иштирок этишган. Жумладан, Одам ДНКси суд биологик экспертизаси имкониятлари ҳақида, Ички ишлар вазирлигида ўтказилган қимматбаҳо ҳужжатлар ва янги кўринишдаги АҚШ долларини тадқиқ қилиш бўйича, Суд-тиббий экспертиза бош бюросида суд экспертиза лабораторияларини сертификациядан ўтказиш ва суд токсикология бўйича, Марказда ўтказилган синтетик гиёҳвандлик воситалар экспертизасига оид семинарларда олинган билимлар амалиётда қўлланилмокда.

Республикада суд экспертиза ва криминалистика соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, самарали меҳнатларини инобатга олиб, Марказнинг 14 нафар ходими давлатимиз юксак мукофотлари билан тақдирланган.

Экспертиза маркази фаолияти билан яқиндан танишишингиз учун унинг интернетдаги қуйидаги манзили орқали веб-сайтига киришингиз мумкин.

www.sudex.uz


Тошкент давлат юридик университети

Тошкент давлат юридик университети

Раҳбар: Ташкулов Акбар Джурабаевич

Телефон:
(0371) 233-41-09

Факс:
(0371) 233-37-48

Веб-сайт:
www.tsul.uz

Манзил:
Тошкент шаҳри, Сайилгох кўчаси, 35-уй

e-mail:
info@tsul.uz

XXI асрда аҳолиси нуқтаи назардан баркамол, ёшлари ҳар томонлама етук, билимдон, ватанпарвар бўлиб униб ўсаётган давлат — қудратли, халқи кучли бўлади. Биз бугун мустақил тараққиёт йўлимизга бир назар ташласак, бу эзгу мақсадни рўёбга чиқариш, соғлом ва баркамол, интеллектуал салоҳияти юксак, мард ва жасур авлодни тарбиялаб вояга етказиш учун мамлакатимизда жуда кенг кўламли улуғвор ишлар амалга оширилилаётганига гувоҳ бўламиз.

Мустақиллик йилларида олий таълим тизимининг таркибий қисми сифатида юридик таълимни тубдан ислоҳ қилиш, ёш ҳуқуқшуносларни ҳар томонлама билимли ва маънавий баркамол қилиб тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2013 йил 28 июнда қабул қилинган “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, шубҳасиз, юридик таълим сифати ва самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қарорга мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тошкент давлат юридик институти университетга айлантирилди. ТДЮУ тизимида Фанлар академиясининг тугатилган Фалсафа ва ҳуқуқ институти базасида ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ташкил этилди.

Университет олдига ҳуқуқшунослик асослари, йўналишлари, илмий-тадқиқот тамойилларини чуқур ўзлаштирган, давлат ва жамоат ташкилотлари олдидаги назарий ҳамда амалий вазифаларни ҳал этишга қодир, юксак маданий савия, касбий билимдонлик ва ахлоқий-эстетик баркамолликни ўзида акс эттирган ватанпарвар, фидокор, юқори малакали мутахассис – бакалавр ва магистр кадрлар тайёрлаш ҳамда мавжуд кадрларнинг малакасини ошириш вазифаси қўйилган.

Университетда 2168 нафар талаба таҳсил олаётган бўлса, улардан 1892 нафари бакалавриатда, 276 нафари эса магистратура босқичида ўқимоқда.

ТДЮУ профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳиятини 2001 йилни 2012 йил билан таққослаганда фан докторлари 13 тадан 29 тага (улардан 1 нафари академик, 20 нафари эса профессор), фан номзодлари эса 57 тадан 110 тага (улардан 78 нафари доцент), фоиз ҳисобида 35%дан 66 %га ўсди. Профессор-ўқитувчиларнинг ўртача ёши 2001 йилдаги 53 ёшдан 2012 йилда 40 ёшга тушди. Ҳозирги кунда аспирантура ва магистратурани тамомлаган 66 та иқтидорли ёш мутахассис университет педагогик фаолият билан шуғулланмоқда.

2001 йилдан кейин бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича жами 11 та давлат таълим стандартлари тўла қайтадан ишлаб чиқилиб, ўқув жараёнига татбиқ этилди. Ушбу стандартлар асосида бакалавриат учун 45 та, магистратура мутахассисликлари учун эса 56 та ўқув дастурларининг янги авлоди яратилди.

Мазкур дастурларнинг мазмун-моҳияти мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг меъёрларига мослаштирилиб, юридик фан энг янги ютуқлари билан бойитилди.

Университет профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув адабиётларини босқичма-босқич тайёрлаш ва чоп этиш режали асосда олиб борилиши натижасида, бугунга келиб бакалавриатнинг барча фанлари янги авлод дарсликлари билан тўлиқ таъминланди. Ҳозиргача университет профессор-ўқитувчилари томонидан 239 та дарслик, 634 та ўқув қўлланма, 503 та ўқув-услубий қўлланма тайёрланиб, ўқув жараёнига татбиқ этилди. Бунинг самараси ўлароқ 2002 йилда ТДЮУ жамоаси дарслик, қўлланма ва ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш ҳамда нашр этиш буйича Республикадаги барча олий ўқув юртлари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2003 йилда ўтказилган танловда “Жиноят ҳуқуқи” дарслиги 1-ўринни, 2002 йилда эса “Фуқаролик ҳуқуқи” дарслиги 3-ўринни эгаллади. 2005 йилда эса “Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексига шарҳлар” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологиялар Маркази томонидан ўтказилган танлов ғолиби бўлди.

Ўқув жараёнига янги ахборот технологияларини жорий қилиш ва талабалар учун қулайликлар яратиш университет фаолиятининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб, қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида 676 та электрон дарслик ва ўқув қўлланма тайёрланиб, университет Ахборот-ресурс маркази қошидаги электрон базага киритилди. Кафедралар, деканатлар ва бўлимларда фойдаланиш учун жами 804 та замонавий компьютер сотиб олиниб, аудиторияларга 67 та мультимедиали проекторлар ўрнатилди. Ҳозирда университетимизда 2 та масофали ўқитиш қурилмаси, 2 та интернет-синф, 7 та компьютер синфи ва 3 та электрон кутубхона фаолият кўрсатмоқда.

Замон талабларига жавоб берадиган ҳуқуқшуносларни тайёрлаш, ўқув жараёнини такомиллаштириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун барча қулайликларни яратиш мақсадида ўқув бинолари ва талабалар турар жойи тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бугунги кунда ўқитувчилар дарсларни проектор, кодоскоп ва бошқа замонавий техник воситалардан унумли фойдаланган ҳолда ўтиш имкониятга эга бўлдилар.

Таълим жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида Университетда ўргатиладиган мутахассислик фанларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Олий суди, Олий хўжалик суди, прокуратура органлари, суд-экспертиза марказларида ўқитиш амалиёти йўлга қўйилган. Қолаверса, амалиётчи мутахассислар дарс жараёнларига фаол жалб қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Университетнинг халқаро ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ТДЮУ бир қатор ривожланган демократик мамлакатларнинг юриспруденция соҳасидаги олий ўқув юртлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкам йўлга қўйган.

Жумладан, 11 та хорижий мамлакатларнинг (Франция, Япония, Болгария, Россия, Украина, Литва, Қозоғистон ва бошқ.) етук олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ҳақида шартномалар тузилди.

Юртимиз ва хорижий мамлакатларда ҳуқуқшуносликнинг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган қирққа яқин халқаро симпозиум, конференция ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Хорижнинг етакчи ўқув ва илмий марказларидан келган юздан зиёд мутахассис Университетда маъруза қилган бўлса, иқтидорли талабаларидан 108 нафари хорижий таълим марказларида билимларини ошириб қайтди.

Хусусан, 2002 йилдан эътиборан Япониянинг нуфузли олий ўқув юртларининг етакчи профессорлари ТДЮУ талабаларига маърузалар ўқимоқда. Бу амалий тадбирлар Япониянинг Мия ва Нагоя Университетлари билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги шартномалар асосида олиб борилмоқда. Нагоя университети билан ўрнатилган самарали ҳамкорлик натижаларидан бири сифатида 2005 йилнинг сентябридан бошлаб Университет қошида фаолият кўрсата бошлаган “Япон тили ва ҳуқуқини ўрганиш маркази”ни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Айтиш керакки, бундай марказ Ўрта Осиёда ягона бўлиб, бугунга қадар 200 га яқин университет талабаси ушбу марказда таҳсил олди. Бундай ҳамкорликнинг самараси сифатида бугунги кунда Япония олийгоҳларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган Университетимизнинг 25 та битирувчисини ҳамда Германияда ўқиётган 3 та битирувчисини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Ўтган йиллар давомида Университет профессор-ўқитувчиларидан 592 нафари мамлакатимизнинг малака ошириш марказларида, 167 нафари эса чет элнинг етакчи олий таълим муассасаларида малакасини оширишга эришди. Шу билан бирга, ТДЮУ қошидаги Малака ошириш факультетида бошқа олий таълим муассасаларининг ҳуқуқшунос педагоглари ва кадрлар бўлимлари нозирларидан қарийб 2000 киши ўз касб малакасини оширди.

Университет мутахассислари 220 та монография, 349 та рисола, 27 та қонунларга шарҳ, 160 та конференция материаллари, 69 та илмий тўплам тайёрлаб чоп этди. Университет ҳуқуқшунос олимлари томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноят кодекси, Фуқаролик, Жиноят-процессуал, Хўжалик процессуал ва Уй-жой кодексларига ёзилган шарҳларни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

Университет ҳузурида юридик фанлар номзоди (доктори) илмий даражасини беришга ихтисослашган 3 та кенгаш муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Ўтган йиллар мобайнида бу кенгашларда 37 та докторлик ва 155 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Турдош олийгоҳлар учун ҳам юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Қорақалпоғистон Республикаси учун мақсадли равишда 2 та фан доктори ва 15 та фан номзоди тайёрланди.

Шу билан бирга, Университет олимлари томонидан амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган 400га яқин қонун лойиҳаси тайёрланиб, тегишли давлат органларига юборилди.

Бугунги кунга келиб Тошкент давлат юридик университет ўзининг иқтидорли талаба ва магистрлари, етук профессор-ўқитувчилари эришаётган салмоқли натижалар билан ҳақли равишда фахрланади.

Масалан, магистр ва талабаларимиздан 10 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси совриндори, 31 нафари Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси эгаси, 30 нафари эса республика талабалар олимпиадаларининг ғолиби бўлгани ҳаммамизни беҳад қувонтиради.

Аҳолининг кам таъминланган қатламига беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Университет қошида юридик маслаҳатхона фаолияти йўлга қўйилиб, фуқароларга самарали ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Тошкент давлат юридик университет фақат таълим йўналишидаги ўқув юрти бўлиб қолмай, балки жиддий илмий база асосида ҳуқуқий тизимни ислоҳ қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган илмий марказга айланганини алоҳида эътироф этиш мумкин.

Университет фаолияти билан яқиндан танишишингиз учун унинг интернетдаги қуйидаги манзили орқали веб-сайтига киришингиз мумкин.

tsul.uz

Юристлар малакасини ошириш маркази

Юристлар малакасини ошириш маркази

Раҳбар: Шерзад Миржалилович Рабиев

Телефон:
(0371) 234-56-02

Факс:
(0371) 234-55-63

Веб-сайт:
www.uzmarkaz.uz

Манзил:
Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Катта Дархон кўчаси, 6-уй

e-mail:
yurmarkaz@minjust.gov.uz

Ўзбекистон мустақиллиги илк кунларидан Юртбошимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш тизимидаги роли ва ўрнини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 январдаги ПФ-314-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони билан Адлия вазирлигига давлат ва хўжалик органларининг ҳуқуқий хизмат ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказишни ташкил қилиш каби янги муҳим вазифалар юклатилди.

Мазкур Фармон ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 12 ноябрдаги 523-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш масалалари тўғрисида”ги қарорига кўра Адлия вазирлиги ҳузурида Қонунчилик муаммоларини тадқиқ қилиш институти очилди (кейинчалик Адлия оpганлаpи ва судлаp ходимлаpининг малакасини ошиpиш куpслаpига айлантирди).

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 19 январдаги 18-сонли “Ўзбекистон Республикаси адлия оpганлаpи ва судлаpи фаолиятини ташкил этиш масалалаpи тўғpисида”ги қарори билан Адлия ходимлари малакасини ошириш республика курслари асосида Суд ва адлия органлари ходимлари малакасини ошириш институти ташкил қилинди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази шу институтнинг ўзига хос давоми бўлиб, у Республикамиз Президентининг 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги ПФ-1791-сонли Фармони асосида ташкил топган.

Марказни ташкил этишнинг бош мақсади ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, замонавий билимлар асосида ҳуқуқшунос ходимларнинг касбий тайёргарлигини ҳамда уларни қайта тайёрлашни тубдан яхшилаш, шунингдек ҳуқуқшунослик соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг савиясини оширишдан иборат.

Марказда адлия, суд, прокуратура, адвокатура, давлат бошқаруви идоралари, мулкчилик туридан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимлари ўқитилади.

Ҳозирги вақтда Марказ адлия ва суд органлари ҳамда адвокатура ходимларини, ҳуқуқшунос профессор-ўқитувчиларни, ҳамда давлат бошқаруви органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларнинг юридик хизмати ходимларини (юрисконсультларини) қайта тайёрлайдиган ва уларнинг малакасини оширадиган давлат таълим муассасаси ҳисобланади.

Марказ раҳбарияти директор ва унинг икки ўринбосаридан иборат бўлиб, унинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-тадқиқот ходимларига адлия органлари ходимлари учун белгиланган унвон даражалари жорий этилади.

Марказ тузилмасида Давлат-ҳуқуқий фанлари, Фуқаролик-ҳуқуқий фанлари, Жиноий-ҳуқуқий фанлари, Халқаро-ҳуқуқий ва инсон ҳуқуқлари, Ўзбекистонда демократик давлат қуриш назарияси ва амалиёти кафедралари, шунингдек, ўқув-услубиёт, ўқув-ахборот компьютер, халқаро алоқалар бўлимлари, ҳамда нашриёт ва кутубхона мавжуд. Марказда илмий-услубий ишларни мувофиқлаштириб борувчи Илмий кенгашфаолият кўрсатмоқда.

Марказининг ташкил этилиши республикада суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қодир, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, махаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муасасалари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш даражасини янада юқори поғонага кўтара оладиган муносиб юристларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш жараёнини мумкин қадар амалиётга яқинлаштиришга қаратилган муҳим йўналиш ҳисобланади.

Марказ тингловчиларнинг касбий йўналишига монанд равишда ўқув жараёнига Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталари, Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси каби идораларнинг тажрибали амалиётчи ходимларини жалб қилади.

Ўқув жараёнида тингловчиларнинг назарий билимларини кенгайтириш баробарида амалий касбий-малакавий фаолиятларини янада такомиллаштириш мақсадида кўрсатиб ўтилган ташкилотларда амалий машғулотлар ташкил қилинган.

Ўқув жараёнида тингловчиларнинг назарий билимларини кенгайтириш баробарида амалий касбий-малакавий фаолиятларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикасининг Олий суди ва Ўзбекистон Республикасининг Олий хўжалик судида машғулотлар ташкил қилинади. Шунингдек, судьялар ва судьялик лавозимига тайинланиш учун заҳирага олинган номзодлар гуруҳларининг ўқув режаларига махсус «Суд этикаси курси» киритилиб, «Ўзингни англа» психологик хизматлар марказининг малакали психологлари томонидан «Вақтни бошқариш ва иш жараёнини самарали ташкил қилиш», «Стресс ва стресс келтириб чиқарувчи ҳолатлар», «Стрессга қарши ўтказиладиган тадбирлар», «Низоларни бошқариш», «Низоларни ҳал қилишнинг самарали усуллари», «Иш жараёнида мижоз билан мулоқот олиб боришнинг самарали йўллари» каби мавзулар бўйича дарслар ташкил қилиш анъанага айланди. Бундан ташқари маданий-маърифий ишлар кенг йўлга қўйилган бўлиб, тингловчилар Темурийлар тарихи давлат музейи, Давлат санъат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейларига, санъат кўргазмаларига ва театрларга ташриф буюришади.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 1997-2000 йиллар мобайнида Марказда йилига 600-800 нафар атрофида тингловчи малака оширган бўлса, бугунги кунга келиб ҳар йили 2500 га яқин мутахассислар қайта тайёрланмоқда ва малакасини оширмоқда.

Шунингдек, Марказ томонидан турли тоифадаги бошқа мутахассислар ҳам ўқитилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 февралдаги қарорига кўра, республикада фаолият юритаётган бозор маъмурияти ходимларининг ҳуқуқий билимлари оширилган бўлса, 2011 йил 17 февралдаги “Маъмурий жазога тортилган шахсларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорининг 7-банди ижросини таъминлаш мақсадида махсус курс ташкил этилиб, унда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар ўқитилди, айни вақтда ушбу йўналишдаги фаолият давом эттирилмоқда. Бу ўз навбатида Марказ ташкил этилганидан буён иш ҳажмининг 3-4 баробарга ошганлигидан далолат беради.

Ўқув-услубий, илмий – амалий ишларни халқаро меъёрлар даражасига кўтариш мақсадида Марказ хорижий давлатларнинг юридик институтлари, малака ошириш марказлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан муносабатлар ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йилларда Марказда судьяларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Германия, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Россия ва бошқа мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш учун бу мамлакатлардан келган судьялар, йирик амалиётчи ва назариётчи ҳуқуқшунос олимлар билан учрашувлар ҳамда давра суҳбатларини уюштириш анъанага айланиб бормоқда. Шунингдек, Марказ вакиллари бошқа мамлакатлардаги суд-ҳуқуқ масалаларига бағишланган қатор халқаро ҳамда минтақавий анжуман ва семинарларда иштирок этмоқда.

Бундан ташқари Марказ мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган қатор халқаро ташкилотлар – БМТнинг ривожланиш ва тараққиёт Дастури, ЕХҲТ, Халқаро Қизил хоч қўмитаси, ЮНИСЕФ, ГИЦ, Ф.Эберт ва К.Аденауэр фондлари вакиллари билан бир неча йилдан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Масалан, 2004 йил сентябрда Фридрих Эберт номидаги жамғарма ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази билан ҳамкорликда «Судьялар мустақиллиги: халқаро, хорижий ва миллий тажриба” мавзуига бағишланган халқаро семинар ўтказди. 2006 йил 15-16 майда ЮНИСЕФ (БМТ)нинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси ҳамкорлигидаВояга етмаганлар иши бўйича Ювенал одил судлов соҳасидаги халқаро андозалар” мавзуида икки кунлик тренинг ўтказилди. Тренингда Франциянинг Вояга етмаганлар иши бўйича суди судьяси Давид Аллениос Франция ювенал одил судлов тизими ҳақида маъруза қилди.

Марказ профессор-ўқитувчилари Республика ОАВ орқали ўз чиқишлари, мақолалари, давра суҳбатлари, миллий ва халқаро конференцияларда иштироклари билан республикамизнинг барча вилоятларида, турли хил ташкилотларда ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб боришади. Жумладан, 2010-2011 йиллар мобайнида Марказнинг Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари фанлари кафедраси профессор-ўқитувчилари ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги координатори билан ҳамкорликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг 700 дан ортиқ вакилларини Ўзбекистон Президентининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” бўйича, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган семинар-тренингларда ўқитдилар.  

http://uzmarkaz.uz/

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази

Раҳбар: Тожиев Фурқат Шомуродович

Телефон:
(0371) 268-28-95

Факс:
(0371) 268-28-43

Веб-сайт:
www.adolatnashr.uz

Манзил:
Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 19-уй.

e-mail:
info@adolatmarkazi.uz, info@lex.uz

E-xat:
adolat_xam@exat.uz

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази – аҳоли ва ижрочиларга жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳуқуқий ахборотларни ҳамда тарғибот материалларини тайёрлаш ва тезкор тарқатиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини расмий эълон қилиш соҳасида республиканинг етакчи давлат муассасаси ҳисобланади, шунингдек, қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини юритиш орқали ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини шакллантириш ва доимий равишда янгилаб бориш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига электрон шаклда етказилишини таъминлаш, аутсорсинг шартларида юридик адабиётлар ва расмий нашрларнинг расман чоп этилишини таъминлайди.

Марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сонли Фармони, 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3666-сонли Қарори асосида Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази ва ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти негизида ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 741-сонли қарори билан давлат муассасаси сифатида қайта ташкил этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5997-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси, “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти давлат унитар корхонаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририятини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Вазирлик қошида давлат муассасаси шаклидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилди.

Марказ таркибидаги “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журнали таҳририяти амалдаги хизмат кўрсатиш соҳаларини сақлаб қолган ҳолда фаолият юритади.

Марказ фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 30 октябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолиятини ташкил этиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 678-сон қарори қабул қилинди.

Марказнинг вазифалари:

— Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини шакллантириш ва юритиш, ундан жисмоний ва юридик шахсларнинг белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш, шунингдек ушбу миллий базада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нашр этилишини, уларнинг туркумлаштирилган ҳисобини ва назорат нусхаларини электрон шаклда юритилишини таъминлаш;

— норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг ҳамда зарур бўлган тақдирда, тегишли ахборот-таҳлилий материалларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органларига ва ташкилотларга электрон шаклда юборилишини таъминлаш;

— аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг норма ва қоидаларини аҳолига тушунтириш бўйича намунавий ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш;

— норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳиятини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг ёритиш бўйича ахборот-таҳлилий медиа материалларни, шу жумладан, аудио- ва видеороликлар, ижтимоий рекламалар, воқеа жойидан репортажларни тайёрлаш ва тарқатиш, шунингдек, босма ва электрон даврий ижтимоий-ҳуқуқий нашрларни тайёрлаш ва чоп этиш;

расмий нашрлар — «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар тўплами»нинг, даврий нашрлар — «Инсон ва қонун» газетаси, «Ҳуқуқ ва бурч» ижтимоий-ҳуқуқий журналининг ҳамда бошқа нашрлар — юридик адабиётлар, жумладан юридик дарсликлар, шарҳлар ва турли қўлланмаларни белгиланган тартибда чоп этилишини таъминлаш;

— фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда хизматлар кўрсатиш;

— давлат органлари ва ташкилотларнинг буюртмасига кўра шартнома асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда бошқа ҳуқуқий ва бошқарув ҳужжатлари намуналарини тайёрлаш, шунингдек ижтимоий-ҳуқуқий ахборотларни кенг ёритишга қаратилган медиа материалларни тайёрлаш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш.

Марказда 10 та бўлим ҳамда “Инсон ва қонун” газетаси, “Ҳуқуқ ва бурч” ижтимоий-ҳуқуқий журналининг фаолият олиб бормоқда.

Қонун ҳужжатларини қаердан излаймиз?

Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz) мамлакатимизда қабул қилинган барча қонун ҳужжатларини эълон қиладиган ягона расмий электрон манба ҳисобланади.

Марказ томонидан чоп этиладиган китобларни қаердан сотиб олишингиз мумкин?

“Адолат” нашр белгиси остида чоп этилаётган китобларни пойтахтимизнинг Бобур кўчасида жойлашган Марказга қарашли “Юридик адабиётлар” китоб дўконидан, интернет дўконидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқа китоб дўконларидан харид қилишингиз мумкин. Аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга бўлган ҳаётий эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, марказ ходимлари йил давомида бутун республика бўйлаб сайёр китоб савдоларини ташкил этиб келишмоқда.

Веб-сайт: www.adolatmarkazi.uz

Сайт: www.lex.uz (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси)

Телеграм: https://t.me/lexuzofficial

Facebook: www.facebook.com/adolatmarkazi1

Instagram: www.instagram.com/adolatmarkazi/

Телефон: (0371) 268-28-95

Факс: (0371) 268-28-43

Веб-сайт: www.adolatnashr.uz

Манзил:

Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Амир Темур шоҳкўчаси, 19-уй.

e-mail: info@adolatmarkazi.uz, info@lex.uz

E-xat: adolat_xam@exat.uz

"Давлат хизматларини ривожлантириш маркази" давлат муассасаси

"Давлат хизматларини ривожлантириш маркази" давлат муассасаси

Раҳбар: Матрасулов Давлатназар Рахимберганович

:
(0371) 277-35-41

«Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси

«Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси

Раҳбар: Сагдуллаев Баходир Тахирович

:
(0371) 232 50 53

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти

Раҳбар: Махкамов Элдор Бахромович

Телефон: :
(998 71) 268-29-11

Веб-сайт: :
www.hsti.uz

Манзил: :
100170, Тошкент шаҳри, Буюк Ипак йўли кўчаси, 69-уй

e-mail: :
tadqiqotinstituti@adliya.uz

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон Фармони билан Тошкент давлат юридик университетининг Ҳуқуқий тадқиқотлар маркази негизида ташкил этилди. Мазкур Фармон ижроси юзасидан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 июндаги 442-сонли “Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра Тадқиқот институти ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, адлия органлари фаолиятини такомиллаштириш соҳасида республиканинг етакчи давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси этиб белгиланди.

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти фаолиятининг асосий мақсади Ўзбекистон ҳуқуқий сиёсатининг долзарб масалалари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, норма ижодкорлиги фаолиятини илмий-услубий таъминлашнинг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этишда иштирок этишдир.

Қуйидагилар Тадқиқот институтининг асосий вазифалари этиб белгиланган:

қонунчиликни ва унинг тармоқларини ривожлантириш соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда илмий концепциялар ишлаб чиқиш; адлия органлари фаолиятини ўрганиш ва такомиллаштириш; суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатлари қўлланилиш амалиётини таҳлил қилиш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожланиш йўналишларини аниқлаш; етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик олиб бориш.

 Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти тузилмасида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни ўрганиш бўлими, Ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни ўрганиш бўлими, Давлат бошқаруви самарадорлигини ўрганиш бўлими, адлия органлари фаолиятини ўрганиш ва такомиллаштириш бўлими, шунингдек, умумий бўлим мавжуд.

Илмий тадқиқотларни халқаро меъёрлар даражасига кўтариш мақсадида Тадқиқот институти билан хорижий давлатларнинг ҳуқуқ университетлари, илмий тадқиқот институтлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан муносабатлар ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунгача, Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти иштирокида муҳим таҳлил-тадқиқот лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат Дастурининг 44-бандига мувофиқ Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилган, Давлат дастурининг 47-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти 2019 йил 25-27 апрел кунлари ташкил этилган «Tashkent Law Spring» Халқаро юридик форумининг ташкилий штаби вазифасини бажарди, ушбу Форумни 2020 йилда ўтказилиш бўйича Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти асосий масъул муассаса ҳисобланади.


Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази

Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази

Раҳбар: Хўжаев Камолиддин Улуғбек ўғли

Телефон:
(0371) 207-04-57

Адрес:
Тошкент шаҳри, Сайилгох кўчаси, 5-уй

веб-сайт:
ict.adliya.uz

e-mail:
ict@adliya.uz

Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Марказ Адлия вазирлиги тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш учун масъул ҳисобланади.

Марказ фаолиятининг асосий вазифалари:

- илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг замонавий ютуқлари асосида адлия органлари ва муассасаларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

- электрон ҳукумат лойиҳаларини адлия органлари ва муассасаларида самарали амалга оширилишини таъминлаш;

- инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш йўли билан адлия органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлиги шаклларини такомиллаштириш бўйича чораларни амалга ошириш;

- адлия органлари ва муассасалари расмий сайтлари, бошқа ахборот ресурсларини Интернет тармоғида ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича чораларни амалга ошириш;

- адлия органлари ва муассасалари учун зарур бўлган дастурларни лойиҳалаштириш, мослаштириш, амалда қўллаш ҳамда дастурлар бўйича муаллифлик назоратини олиб бориш;

- компьютер ва оргтехника воситаларини йиғиш, мослаштириш, амалда қўллаш, уларга хизмат кўрсатиш, таъмирлаш;

- турли дастурий маҳсулотлар, иловалар, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини жорий этиш ва шу кабилардан иборатдир.

Марказ томонидан сўнги йилларда Ахборот тизимларини бошқариш, жорий қилиш ва ривожлантириш соҳасида ахборот тизимларини жорий қилиш ва ривожлантиришда ва Адлия вазирлиги ҳамда ҳудудий адлия бошқармалари расмий веб-сайтларини юритиш, Электрон ҳужжат тизимини ривожлантириш борасида фаолият олиб борилмоқда.

Хусусан, Марказ бошчилигида LexUZ тизимининг янги дизайндаги версияси, инглиз тилида ва ўзбек тили лотин графикаси асосида саҳифалари, “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимида Республика миқиёсида ФҲДЁ органларида қайд қилинаётган далолатномаларни киритиш, ўзгартириш, бошқа ташкилотлар билан электрон маълумот алмашиш, интерактив хизматларни ишга тушириш, “Нотариус” ахборот тизимида ягона нотариал ҳаракатлар базаси (шартномалар, ишончномалар, васиятномалар, тақиқлар), тўлов тизимларига уланиш, идоралараро нотариуслар томонидан мустақил электрон хамкорликни қўллаган ҳолда бошқа ташкилотлар билан маълумотлар алмашиш каби ишлар амалга оширилган.

Бундан ташқари, Марказ ходимлари томонидан фуқароларнинг юридик билимини тест қилиш бўйича сайт ишлаб чиқиш, Ҳуқуқий тарғибот соҳасида сайтлар яратиш ва уларни бошқариш, “Huquqiy axborot” каналига материал тайёрлаш ва жойлаштириб бориш, онлайн сўровлар ўтказиш, ҳуқуқий тарғибот соҳасида турли буклетлар ва бошқа тарқатма материаллар тайёрлаш, фуқаролар учун махсус телеграм ботлар яратиш, Ижтимойи тармоқларда турли махсус саҳифалар юритиш (Instagram, Youtube, Facebook) ишлари олиб борилмоқда.