Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 05.10.2022



18:24:09 (GMT +5), Чр, 5 окт 2022

Вазирлик тарихи

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташкил этилиши ва тараққиёт босқичлари

Ўзбекистон Республикаси Адлия халқ комиссарлиги 1924 йил 26 ноябрда Инқилобий қўмитанинг қарори билан Туркистон автоном республикаси Адлия халқ комиссарлиги негизида ташкил этилган. Унинг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистон таркибига кирган аввалги Бухоро Амирлиги, Хоразм ва Қўқон хонлиги давлатларининг ҳудудида адлия идораларининг фаолиятини тартибга солиш ва мувофиқлаштиришдан иборат эди.

1991 йилда Ўзбекистон халқи давлат мустақиллигига эришди. Унинг тарихий аҳамияти шундан иборатки, аввало инсон омилининг устуворлиги, давлат мустақиллиги тамойиллари тан олинди, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш каби мақсадлар қўйилди.

Мустақил мамлакатимиз Адлия вазирлигининг ривожланиш тарихининг асосий саналарини кўриб чиқсак:

1992 йил 8 январь – давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-314-сонли тарихий Фармони қабул қилинди ва мустақил Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига асос солинган. Яъни, Ўзбекистон ССРнинг иттифоқ-республика Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлигига айлантирилди.

1992 йил 12 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 523-сонли қарори қабул қилинди ва Адлия вазирлигининг Низоми тасдиқланди.

1993 йил 17 июнь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий-мажбурий тусдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ва уларни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 294-сонли қарорига асосан Адлия вазирлигининг Иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси таркибида Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими ташкил этилди.

1994 йил 24 январь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппаратининг тузилмасига тегишли тартибда ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиб, Ҳуқуқий сиёсатни мувофиқлаштириш ҳамда Ҳуқуқий тарғибот бўлимлари негизида Ҳуқуқий сиёсатни ва халқаро ҳуқуқий алоқаларни мувофиқлаштириш бошқармаси, Иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси ташкил этилди.

1994 йил 22 март – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 153-сон қарори билан “Юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида”ги Низом қабул қилинди.

1994 йил 13 май – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги аппарати тузилмасини такомиллаштиришнинг баъзи масалалари тўғрисида”ги 257-сон қарорига асосан Халқаро-ҳуқуқий бошқармаси тузилди.

1995 йил 27 апрель – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш ва унинг аппарати тузилмасидаги ўзгартиришлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Адлия вазирлигининг Иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси таркибида 3 та штат бирлиги миқдорида Тадбиркорлар ва хусусий мулк эгалари ҳуқуқларига риоя этиш бўйича қонунчиликнинг бажарилишини назорат қилиш бўлими ташкил этилди.

1995 йил 23 август – “Ҳуқуқ ва бурч” журнали ҳамда “Инсон ва қонун” ҳуқуқий газетаси Давлат Матбуот қўмитаси томонидан рўйхатдан ўтказилди.

1997 йил 10 июль – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 345-сонли қарорига асосан Адлия вазирлиги тизимида фуқароларнинг қонунчилик бузилиши юзасидан ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш бошқармаси ташкил этилди.

1997 йил 9 октябрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 469-сонли қарорига асосан Иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси таркибидаги Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими негизида Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси ташкил этилиб, Адлия вазирлиги марказий аппаратининг алоҳида таркибий бўғини сифатида ажралиб чиқди.

1998 йил 24 февраль – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини бошқариш тўғрисида”ги 77-сонли қарорига асосан Тошкент юридик техникуми негизида Тошкент юридик коллежи ташкил этилди ва 2003 йил 27 августда Адлия вазирлиги тизимига киритилди.

1998 йил 24 апрель – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида”ги 1998 йил 4 мартдаги ПФ-1938-сон Фармонининг бажарилишини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 177-сон қарорига асосан Адлия вазирлиги марказий аппаратида Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш бошқармаси ташкил этилди.

1999 йил 12 февраль – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сонли қарорининг қабул қилиниши, шунингдек вазирликда иш юритилишини сифатли ва янада самарали тарзда ташкил этиш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Адлия вазирлиги Ҳайъати мажлисининг 1999 йил 25 январдаги 1-сон баёни билан вазирликнинг Ишлар бошқармаси негизида Ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармаси ташкил этилди.

2000 йил 5 август – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 304-сонли қарорига мувофиқ аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, жамиятни ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш ва амалдаги қонун ҳужжатларини босқичма-босқич туркумлашни ташкил этиш мақсадида Адлия вазирлиги марказий аппаратида Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси ташкил этилди.

2001 йил 22 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 383-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Судлар фаолиятини ташкилий, моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти сифатида қайта ташкил этилди.

2003 йил 2 май – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 205-сонли қарори қабул қилинди ва унга асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига хорижий инвесторларни ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш вазифаси юклатилди.

2003 йил 27 август – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 370-сонли қарори қабул қилинди ва Адлия вазирлигининг янги Низоми тасдиқланди.

2003 йил 29 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги 370-сонли қарори ҳамда адлия вазирининг 2003 йил 29 сентябрдаги 237-сонли буйруғига асосан Иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва ноpматив ҳужжатлаp лойиҳалаpини тайёpлаш ва ҳуқуқий экспеpтиза қилиш бошқаpмаси Иқтисодий қонунчилик бошқармасига, Ҳуқуқий сиёсатни мувофиқлаштириш ва ўқув муассасалари бошқармаси эса Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармасига айлантирилди.

2004 йил 24 февраль – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 112-ф-сонли фармойиши билан тасдиқланган Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар томонидан инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди ва Адлия вазири мазкур ишчи гуруҳининг раҳбари этиб белгиланди.

2005 йил 28 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан Адлия вазирлиги ўртасида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва унга риоя этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги Меморандум имзоланди ва ушбу ҳужжат ҳамкорликда фаолият кўрсатиш учун замин яратди.

2005 йил 15 декабрь –Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-237-сонли қарорига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш маркази ташкил этилди ҳамда мазкур марказнинг директори Адлия вазирининг ўринбосари этиб белгиланди.

2008 йил 27 октябрь – Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада фаолият юритувчи идораларнинг ўзаро алоқаларини мувофиқлаштириш мақсадида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги ўртасида “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги Келишув имзоланди.

2009 йил 31 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 340-сонли қарорига асосан 2010 йил 1 январдан бошлаб барча фойдаланувчиларнинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан текин фойдаланиши белгилаб қўйилди.

2011 йил 17 июнь – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш соҳасида адлия органларининг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1555-сонли қарорига асосан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш маркази Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармасига айлантирилди ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 24 июлдаги “Қонунчилик ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4636-сон Фармони билан Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилди.

2011 йил 23 август – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1602-сонли қарори қабул қилинди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг янги Низоми тасдиқланди.

2015 йил 15 май – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сон Фармони билан Адлия вазирлигига адлия органлари ходимларининг чегараланган миқдорини сақлаб қолган ҳолда, “бир дарча” марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилди.

2017 йил 12 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.

2018 йил 13 апрель – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилди ҳамда Адлия вазирлигининг Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилди.

Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ахборот тақдим этиши;

Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, ҳудудий адлия бошқармалари бошлиқлари ҳар ярим йил якуни бўйича тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига жойларда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича ахборот тақдим этиши;

туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошлиқлари ҳар чоракда тегишлича туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларига туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича ахборот тақдим этиши белгиланди.

2018 йил 13 апрель – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3666-сонли Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низом;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимининг ташкилий тузилмаси;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмаси;

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги тузилмаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг намунавий тузилмаси;

туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг намунавий тузилмаси;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижрочиларга етказилиши ҳамда улардаги норма ва қоидаларнинг аҳолига тушунтирилиши схемаси ҳамда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди.

2019 йил 9 январь – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сонли Фармон билан Адлия вазирлиги жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тасдиқланди.

2019 йил 8 февраль – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4168-сон қарорига мувофиқ интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва умумэътироф этилган халқаро нормаларни имплементация қилишга оид фаолияти қониқарсиз деб топилганлиги сабабли Интеллектуал мулк агентлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига ўтказилди.

2020 йил 19 май – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5997-сонли Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонга кўра 2020 — 2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Вазирликда Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш ҳамда Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш бошқармалари ташкил этилди.

2020 йил 2 июнь – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги ПФ-6003-сонли Фармонига асосан Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланди.

2021 йил 11 февраль – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-6166-сонли Фармонига кўра Адлия вазирлигига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан, шу жумладан Ҳисоб палатаси билан биргаликда соҳалар, ҳудудлар ва идоралар кесимида манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишларни олиб бориш ва жойлардаги ҳолат мониторингини юритиш вазифаси юклатилди.

Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармаси, ҳудудий адлия органларида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармасининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, қонун ҳужжатларида назарда тутилган фаолиятнинг алоҳида масалалари бўйича – бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий ва энг муҳим вазифаси норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, қонун устуворлигини, давлат ва жамият қурилиши соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини изчил амалга оширишдан иборатдир.

Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган адлия вазири бошчилик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига Вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари, Давлат хизматлари агентлиги,  ФҲДЁ органлари, Интеллектуал мулк агентлиги, Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази, “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази давлат муассасаси, “Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси, давлат нотариал идоралари ва архивлари, Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети, юридик техникумлар ва Академик лицей киради.