Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Кексаларни эъзозлаш йили

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Телефон (девонхона): (+998 71) 233-13-05
Факс: (+998 71) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Кексаларни эъзозлаш йили

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар

ТАҲЛИЛ ВА ТАЛҚИН

Мамлакатимизда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар айниқса, уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш масаласи мунтазам равишда давлатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб келган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида 2015 йилни мамлакатимизда – “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилди ҳамда бу борада қилиниши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб берди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 февралдаги ПҚ–2302-сонли қарори билан “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тасдиқланди.

Мазкур Давлат дастури мамлакатда халқнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган 8 бўлим ва 66 банддан иборат бўлган ўта муҳим ва аҳамиятга молик тадбирлардан таркиб топди.

 Хусусан, кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш масаласи Давлат дастурининг асосий устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Шу билан бирга, Дастур ижросини кенг кўламда таъминлаш мақсадида ҳар бир вазирликлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий ва тармоқ дастурлари, шунингдек аниқ манзилли чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда.

Адлия органлари томонидан ҳам Давлат дастурида белгиланган вазифаларни, шу жумладан кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш борасидаги ишларни ташкил этишда муҳим ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Давлат дастурида жами 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва Ҳукуматга киритиш белгиланган (шундан 3 таси қонун, 3 таси Президент фармони, 3 таси Президент қарори, 1 таси Президент фармойиши, 7 таси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 2 таси идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар) бўлиб, уларни ўз вақтида ишлаб чиқилишида вазирлик ходимлари томонидан фаол иштирок этилди.

Бугунги кунда Давлат дастурида қабул қилиниши назарда тутилган аксарият норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши таъминланди.

Хусусан, Давлат дастури ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 14 апрелдаги ПФ–4715-сон “Қарияларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди ва унга асосан 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида ёши 100 га тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига 2015 йилнинг 1 майидан бошлаб, ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов тўлаш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 19 февралдаги ПФ–4704-сон “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 23 апрелдаги 100-сон “Республиканинг санаторий-соғломлаштириш муассасаларига бораётган 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига темир йўл транспортида бепул юриш ва ҳаво транспортида имтиёзли юриш ҳуқуқини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Худди шундай, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 июлдаги 186-сон “Кексаларни соғломлаштириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича нодавлат пансионати тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилиниб, унга кўра кексаларни соғломлаштириш, уларнинг дам олишларини ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш йўли билан кексаларнинг ҳаёт сифати янада яхшиланишини таъминлашга қаратилган таомиллар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги 237-сон “Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ 2016 йил 1 январдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш якка тартибда шакллантириладиган ижтимоий хизматлар дастури асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, ушбу қарор билан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати тасдиқланди.

Шу билан бир қаторда, Давлат дастурида белгиланган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш билан боғлиқ вазифаларни амалга оширишдан ташқари, адлия органлари томонидан Давлат дастурининг мақсади ва вазифаларини, уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва чора-тадбирларини аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг ёритилиши таъминлаш бўйича ҳам бир қатор амалий тадбирлар ташкил қилинди.

Хусусан, Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари ҳамда мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида адлия органлари ва муассасалари ходимлари томонидан бир қатор ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Жумладан, адлия органлари томонидан тармоқ дастури ижроси юзасидан режалар тасдиқланиб, уларнинг ижроси бўйича бугунги кунга қадар жами 916 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Шу доирада, жорий йилнинг ўтган май ойида “Кексаларимиз хонадонларимизнинг файзи ва фариштасидир” мавзусида ҳуқуқий саводхонлик ойлиги ўтказилиб, унга мувофиқ 395 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Шу билан бирга, ФҲДЁ органларида “Ёш оила қурувчилар мактаби” машғулотларига катта ҳаётий тажрибага ва обрў-эътиборга эга бўлган кексаларни жалб этиш ва улар иштирокида суҳбатлар ташкил этиб борилмоқда. Шунингдек, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида “Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” журналида туркум материаллар, шу жумладан мақолалар ва фотолавҳалар чоп этиш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, вазирлик ва ҳудудий адлия органларининг расмий веб-сайтларида “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланган алоҳида бўлим ташкил этилди. Ушбу бўлимда адлия органлари ва муассасалари ходимларининг Давлат дастурига оид тегишли материаллари ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилиб борилмоқда. Ушбу бўлимга 51 та мақолаларнинг жойлаштирилиши таъминланди.

Кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, уларга ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган, ёши улуғ инсонлар, айниқса 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари учун алоҳида имтиёзларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати шакллантирилди ва “Lex.Uz” қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига жойлаштирилди.

Шунингдек, ҳар бир давлат нотариал идорасида кекса ёшдаги (60 ёш ва ундан юқори ёшдаги эркаклар, 55 ёш ва ундан юқори ёшдаги аёллар) шахсларга бепул маслаҳат бериш бўйича қабул қилиш жадваллари тасдиқланиб, улар мурожаатчиларга кўринарли ва қулай жойга жойлаштирилди. Унга асосан 1 682 нафардан ортиқ кекса ёшдаги шахсларга бепул маслаҳатлар берилди.

Шу билан бирга, адлия органлари томонидан пенсия ёшидаги фуқаролар раҳбарлик қилаётган тадбиркорлик субъектлари базасини шакллантириш ва уларда ўтказиладиган мониторинг натижаси бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 702 нафар пенсия ёшидаги тадбиркорлик субъектларида, шу жумладан фермер хўжаликларида амалий ёрдам кўрсатилиши юзасидан мониторинглар ўтказилди ва мониторинглар жараёнида 114 нафар тадбиркорларнинг муаммолари мавжудлиги аниқланиб, 17 нафарига шартномалар тузилиши ва бажарилишида, 12 нафарига электр, газ ва бошқа коммуникация тармоқларига уланишда, 5 нафарига кредит ажратишда, 2 нафарига солиққа оид қонун хужжатларини қўллашда, 1 нафарига ер ажратишда, 1 нафарига лицензия ва рухсатнома олишда, 76 нафарига бошқа масалалар юзасидан амалий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди.

Албатта, бу борада амалга оширилаётган барча ислоҳотлар инсон ва унинг манфаати учундир. Бу ислоҳотларнинг Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан алоҳида дастур орқали белгилаб берилаётганлиги уларнинг лозим даражада бажарилишига замин яратмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мамлакатда ҳар бир кексага ҳар томонлама эътибор қаратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш ва ошириш орқали оила ва жамиятда, ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини юксалишига эришган бўламиз.

Ушбу мақсадга эришиш учун эса барчамиздан Давлат дастурида назарда тутилган вазифа ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли тарзда ижро этишимиз талаб этилади.


Муаллиф: Шерзад РАБИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари