Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Кексаларни эъзозлаш йили

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Телефон (девонхона): (+998 71) 233-13-05
Факс: (+998 71) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Кексаларни эъзозлаш йили

Кексаларни эъзозлаш –улуғ қадрият
Мамлакатимизда кекса фуқароларга давлат ва жамият томонидан диққат-эътибор, ғамхўрлик кўрсатишни ошириш ҳамда уларни ижтимоий муҳофаза қилишни, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш мақсадида 2002 йил Ўзбекистон Республикасида “Қарияларни қадрлаш йили” деб эълон қилинган. Шунингдек, сўнгги йилларда кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда, ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида эса 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши ва мазкур масалада юртимизда бир қатор ҳужжатлар қабул қилиниши қувонарли ҳолатдир.

Бу каби давлат дастурларининг қабул қилиниши ва ушбу дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳужжатлар қабул қилиниши юртимизда нафақат халқимиз томонидан кексаларга кўрсатилаётган иззат-икром, балки мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган алоҳида эътибор эканлигининг исботидир.

Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда қарияларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг изчил давом эттирилиши, халқимиз ҳаётининг кундан-кунга фаровонлиги ошиб боришига алоҳида аҳамият берилмоқда. Кексаларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш, ёши улуғ инсонларни давлат ва жамият томонидан ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши натижасида кексаларимизнинг яшаш шароити яхшиланиб, саломатлиги мустаҳкамланмоқда.

Истиқлол йилларида ёши улуғ кекса инсонларни асраб-авайлаш, эъзозлаш ҳамда улуғ аждодларни хотирлаш каби эзгу амалларга бел боғлашдек савобли юмуш дилимиздаги ёруғ ниятларнинг бирига айланиб улгурган.

Шу боис ҳам халқимизнинг ёши улуғ кексаларга эҳтиром кўрсатишдек, эзгу фазилат шаклланган. Бу қадрият, кейинчалик ўзбекона миллий анъанага айланган. “Қари келса ошга, ёш келса ишга”, “Кексалар иззатда, ёшлар хизматда”, “Қариси бор уйнинг – париси бор”, “Қариялар – хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси”, “Қари билганини пари билмас”, “Қариликни донолик безар”, “Ҳар кексада бир нақл” каби ҳикматли сўзларда ғоятда чуқур маъно бордир. Кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда: “Ҳақиқатан ҳам, қайси хонадонда нуроний отахон ёки онахон бўлса, бу оилада, албатта, файзу барака, фаровонлик, аҳиллик бўлишини барчамиз яхши биламиз. Шу боис бугун турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизда ота-оналаримиз, мўътабар қарияларимизнинг унутилмас ва улкан хизмати борлигини, биз улар олдида умрбод қарздор эканимизни унутмаслигимиз, қўлимиздан келганича уларнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилишни ўзимизнинг инсоний бурчимиз, деб билишимиз лозим. Ватанимизнинг мусаффо осмонини асрашда, ҳар қандай офатларни остонамизга йўлатмаслик, она-юртимизни фашизм балосидан ҳимоя қилишда кекса авлод вакилларининг қандай жасорат кўрсатгани, фронт ортида меҳнат қилиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшгани, мамлакатимизни тиклаш, унинг ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий, ҳам маданий-маънавий салоҳиятини оширишда нуроний кексаларимиз намоён этган фидойиликни биз ҳамиша катта миннатдорлик билан эслаймиз. Бугун фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар қайси кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб бораётган ишларимизни кучайтириш, самарасини ошириш зарур. Халқимизнинг қадимий ва шонли тарихини узвий давом эттиришга, шу тарихнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларини ёшларимизга етказиш, ҳаётимизни тобора поклаш ва файзу баракали қилишда, бир сўз билан айтганда, уни маънавий юксалтиришда, бугун Яратганнинг бизга берган ҳар бир кунини маъноли ва сермазмун ўтказишда беқиёс ҳисса қўшаётган ота-боболаримизга ҳар томонлама ҳурмат, эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман”, — деб таъкидлаганлиги, юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборни яна бир бор кўришимиз мумкин.

Зеро, кексаларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб, уларнинг олтин ўгитларига амал қилиб яшаш комиллик, турмуш фаровонлигимиз ва тинч-осойишта ҳаётимизнинг тамал тошидир.

Хулоса ўрнида эътироф этиб ўтиш ўринлики, юртимизда ҳар бир кекса авлодга мурувватли бўлиш биз ёш авлоднинг ҳам бурчимиз, ҳам зиммамизга юкланган вазифамиз эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.


Муаллиф: Г.Эргашева, Адлия вазирлиги масъул ходими