Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Кексаларни эъзозлаш йили

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Кексаларни эъзозлаш йили

Кексаларни эъзозлаш - савобли иш

Инсон умри тани-сиҳат саломатлигида, эл-юртга наф келтириш бахти, меҳр ва эътибордан бахраманд бўлиш билан хавасли. Айниқса, кучдан кетиб, қариган чоғда эъзозда яшаган ёки саломатлик безовта қилганда фойдаланадиган шароит ва имконият бўлганига не етсин. Шу ўринда дунёнинг ҳеч бир мамлакат ёки халқи кексалар иззатини жойига қўйиш ва қадрлаш борасида бизнинг юрт ва юртдошларимиз сингари эҳтиром кўрсатолмаса керак. Хусусан, 2002 йил “Қарияларни қадрлаш йили”, жорий йил эса “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши истиқлол туфайли улар тўғрисида қайғуриш йилдан-йилга давлат сиёсати даражасига кўтарилиб бораётганидан далолат беради.

Истиқлол йилларида ёши улуғларни эъзозлаш, улуғ аждодларни хотирлаш, мамлакат тараққиёти, юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савобли юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди.

Муҳтарам Президентимиз таклифлари билан 2015 йил “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши ҳамма қатори бизни ҳам ғоят хурсанд этди. Халқимизда азалдан ёши улуғларга эҳтиром кўрсатишдек эзгу фазилат шаклланган. Бу қадрият, анъанага айланган. ”Қари келса ошга, ёш келса ишга”, “Кексалар иззатда, ёшлар хизматда”, “Қариси бор уйнинг – париси бор” деган нақллар ҳам бежиз эмас. Давраларимизнинг тўрини, қалбларимизнинг қўрини кўпни кўрган отахон ва онахонларимизга беришга ҳамиша бурчлимиз.

Шундай хайрли ва савобли юмушлар, одатлар, фазилат ва қадриятлар истиқлол даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилгани эса ғоят муҳимдир. 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши бу борадаги ишларнинг янада изчил ва тизимли давом этишига кенг имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисидаги қарорида ҳар бир давлат идоралари учун аниқ вазифалар белгиланган. Бундан кўзда тутилган мақсад кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Аслида “Кексаларни эъзозлаш йили” замирида ҳам инсон манфаати ётади. Давлат раҳбари Асосий қомусимиз қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган байрам шодиёнасида бежиз “ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди” ёка “кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган”, деб таъкидлаб ўтмади. Ҳақиқатдан ҳам минг йиллар давомида шаклланган қадрият ва анаъналаримизда кексаларни эъзозлаш, ёши улуғ инсонларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш муҳим аҳамият касб этади. Бундай қадрият миллий қонунчилигимиз, хусусан, Бош қомусимизда алоҳида белгилаб ўтилганлигини эътироф этиш керак, чунки бундай тажриба ҳеч бир давлат конституциясида кузатилмайди. Конституциямизнинг 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, деган ҳуқуқий норма ўрнатилиши ҳам бежиз эмас.

Кексаларга ҳурмат халқимизнинг азалий ибратли қадриятларидан ҳисобланади. “Қариялар – хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси” ҳамда “Ҳар кексада бир нақл, деган ҳикматли сўзларда ғоятда чуқур маъно бор. Бу пирҳикмат мақолларда, аввало кексаларнинг бебаҳо ҳислатлари ва яхшилик томонлари, оқилу донолиги ва ҳаётий тажрибалари, меҳрибонлиги ҳамда адолат билан иш кўриш салоҳияти ўз ифодасини топган. Айни чоғда қарияларни ҳурмат-иззат қилиш ва эъзозлаш, ота-оналаримиз, бобо-момоларимиз, ёши улуғларимизга ҳамиша яхши муомалада бўлиш ва қўлдан келган яхшиликни улардан аямаслик, айтган сўзларига қулоқ солиб, берган панд-насиҳатларига амал қилиш зарурлиги уқтирилган. Зотан, ёш авлод турмуш синовларида тобланган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, теран ақл –идрокли, улуғ кишилар кўмаги ва маслагига доим эҳтиёж сезади. Меҳнатсевар, ҳалол-пок, диёнатли, халқ иши учун фидойи инсон бўлиб улғайишни истаган ҳар бир ўғил-қиз кексалар ҳаётий тажрибасидан фойдаланиши лозим. Қаердаки кексалар бўлса, уларга ҳурмат эҳтиром кўрсатилса, шу жойга мудом файзу барака ёғилиб туради. Шунинг учун орамизда нуронийларнинг борлиги улуғ неъматдир.

Кексаларга бўлган ҳурмат-эҳтиром, оналаримиз, оталаримиз, боболаримиз, момоларимизнинг дуоларини олиш, айниқса, эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ўксик кўнгилларига йўл топишдек савобли амаллар фарздир. Истиқлол йилларида бу азалий қадриятларимиз, урф одатларимиз янада яққолроқ номоён бўлиб, меҳр ва мурувват хислатларини ўзига жо этган анъаналар ўз мазмун-моҳияти билан ҳар жабҳада акс этаётганини эътироф этмоқ ўринлидир.

Дарҳақиқат, биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғаниматдир. Уларга хизмат қилиб, дуоларини олиш ниҳоятда муҳим. Бинобарин, қайси хонадонда нуроний онахон ва отахонлар бўлса, бу хонадондан албатта, ҳамжиҳатлик бўлади. Энг муҳими, кексалар эъзозланган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик барҳаёт бўлади.

Мухтасар айтганда, барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, она юртимизнинг оғир юкини, унинг қувонч-ташвишини умр бўйи елкасида кўтариб келган мўътабар боболаримиз ва момоларимизни, ота-оналаримизни рози қилиш, уларнинг дуосини олиш дунёдаги энг улуғ, энг савобли иш эканини англаган ҳолда иш юритсак, бу саъйи-ҳаракатларимиз тинчилик-осойишталик, фаровонлик ва тўкинлик бўлишига замин яратади.


Муаллиф: Муқаддам АЛИБАЕВА, Норин туман ФҲДЁ бўлими мудираси