Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Ахборот маркази

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Янгиликлар

Имтиёз ва преференциялар

Имтиёз ва преференциялар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Бош прокуратура ҳамда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан ҳамкорликда “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги” мавзусига бағишланган анжуман ўтказилди.

Анжуманда таъкидланганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини изчил ривожлантириш масаласи мустақилликка эришган дастлабки даврдан бошлаб давлатимизнинг устувор вазифаси даражасига кўтарилди. Бу борада қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилиб, эркин ишбилармонлик муҳити яратилмоқда.

Натижада кичик бизнеснинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2000 йилга нисбатан 31 фоиздан 54 фоизга кўпайди, бугун меҳнатда банд аҳолининг 75,1 фоиздан кўпроғи шу соҳага тегишлидир.

Сўзга чиққанлар, назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишлар сони тубдан қисқартирилгани, топшириладиган ҳисобот турлари камайтирилганлигини аниқ мисоллар орқали таҳлил этдилар. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилганлиги таъкидланди.

Бу соҳадаги қонунчиликнинг такомиллаштирилиши натижасида 2000 йилга нисабатан текширишлар сони кескин камайишга эришилди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашув, ноқонуний қарорлар қабул қилиш каби ҳолатларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида адлия ҳамда прокуратура органларида тадбиркорлар аризалари, таклиф ва шикоятларини қабул қилиш учун “ишонч телефони” ташкил этилган.

Текширишларни тартибга солиш, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг фаолиятига ҳар қандай асоссиз аралашув, ноқонуний текширишлар ўтказилишини олдини олиш, ўтказилаётган текширишларнинг қонунийлиги устидан назоратни таъминлашда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг жорий этилгани ва юритилиши муҳим ахамият касб этмоқда.

Ҳозирга қадар Адлия вазирлиги томонидан 350 мингдан ортиқ “Текширишларни руйхатга олиш китоби” чоп эттирилиб, тадбиркорларга етказиб берилди. Тадбирда ушбу китобнинг юритилиши устидан олиб борилаётган мониторинг натижалари, айрим назорат қилувчи орган ходимлари томонидан мазкур китоб тўлдирилишига етарли аҳамият қаратилмаётганлиги, текширишлар тартибини бузиш ҳолатлари учраётганлиги қайд этилди.

Ушбу қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан кўрилган чоралар натижасида, 2010-2012 йилларда 300 нафар мансабдор шахслар интизомий, 67 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. 27 нафар мансабдор шахс лавозимидан озод этилди. Судларга тадбиркорларнинг манфаатини кўзлаб 239 та даъво аризалари киритилиб, ноқонуний равишда қабул қилинган 330 та қарорлар бекор қилинди.

Ўтган давр мобайнида ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштирилишида, айнан тадбиркорлик фаолиятини текшириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилди.

2012 йил 11 сентябрь куни “Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши бу борадаги ҳуқуқий ҳимоя тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қонуннинг асосий мақсади, давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари хўжалик фаолиятига иқтисодий зарар келтирадиган асоссиз аралашувига йўл қўймаслик, шунингдек, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишдан иборатдир.

Анжуманда, мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга тушунтириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қонунга зид аралашувларни олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигини янада кучайтиришга қаратилган масалалар атрофлича муҳокама этилди.


Муаллиф: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот хизмати