Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Вазирлик ҳақида

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Телефон (девонхона): (+998 71) 233-13-05
Факс: (+998 71) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Вазирлик тарихи

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташкил этилиши ва тараққиёт босқичлари

Ўзбекистон Республикаси Адлия халқ комиссарлиги 1924 йил 26 ноябрда Революцион комитетнинг қарори билан Туркистон автоном республикаси Адлия халқ комиссарлиги негизида ташкил этилган. Унинг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистон таркибига кирган аввалги Бухоро Амирлиги, Хоразм ва Қўқон хонлиги давлатларининг ҳудудида адлия идораларининг фаолиятини тартибга солиш ва мувофиқлаштиришдан иборат эди.

1925 йил 6 май куни Ўзбекистон Кенгашининг Марказий Ижроия қўмитаси Раёсати Адлия халқ комиссарлиги хакидаги Низомни тасдиқлади. Бу Низом янги барпо этилган Адлия халқ комиссарлигининг таркиби ва ваколатларини белгилаб берди. Низомнинг 1-бандига кўра Адлия халқ комиссарлигига умумий раҳбарлик; барча суд муассасалари, прокуратура ва тергов идоралари, нотариат ҳамда суд ижрочилари фаолиятини ташкил этиш ва йўналтириш; суд ходимларини лавозимларга тасдиқлаш; ер комиссиялари ва суд ваколатига эга бўлган бошқа ташкилотларнинг фаолиятини кузатиш; ҳимоячилар ҳайъатларининг фаолиятини кузатиш ва аҳолига юридик хизматни ташкил этиш; қонунчилик юзасидан Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитаси ва Халқ комиссарлиги Кенгашига киритиладиган барча таклифларни бирламчи кўриб чиқиш; қонунчиликка амал қилинишини назорат қилиш; амалдаги қонунларни шарҳлаш, республика қонун ва ҳукумат қарорларининг тўпламларини нашр этиш ҳамда ҳоказолар юклатилган.

Адлия халқ комиссарлиги учта асосий: суд тузилиши ва назорати, прокуратура ҳамда қонунчиликка таклифлар киритиш бўлимларидан иборат бўлиб, Адлия халқ комиссари бир вақтнинг ўзида республика Халқ комиссарлиги Кенгашининг тақдимномасига биноан Марказий ижроия қўмитаси томонидан тайинланадиган ва вазифасидан озод қилинадиган республика Давлат прокурори бўлиб ҳам ҳисобланган. 1926 йил 22 декабрда Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлиги ҳақидаги Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган, 1931 йил 11 октябрда эса кейинги йилларда суд ва прокуратура идораларининг таркиби ва вазифалари ўзгариши муносабати билан такомиллашиб борган янги Низом қабул қилинди.

30 йилларнинг бошларида Адлия халқ комиссарлиги Прокуратура, Олий суд, ташкилий-инструкторлик бўлими, меҳнат-тузатиш муассасалари бошқармаси ва умумий бўлимдан иборат бўлган. Республика прокурори, Олий суд раиси ва меҳнат- тузатиш муассасалари бошқармасининг бошлиғи Адлия халқ комиссарининг ўринбосарлари бўлиб ҳисобланган.

Адлия халқ комиссари республика ҳудудида ягона суд сиёсатини амалга ошириш, барча адлия идораларининг фаолиятини ташкиллаштириш ва унга умумий раҳбарлик қилиш, мансабдор ва жисмоний шахслар ҳаракатларининг қонунийлиги устидан назорат олиб бориш билан шуғулланган. У жиноятчиликка қарши кураш борасидаги барча тергов идораларининг фаолиятини бошқарган, жиноятчилик ва унга қарши кураш усулларини ўрганган. Республикадаги махсус суд идораларининг фаолияти ҳамда меҳнат-тузатиш амалиёти устидан назорат олиб бориш ҳам Адлия халқ комиссарлигининг зиммасида бўлган.

Прокуратура 1936 йилга қадар Адлия халқ комиссарлигининг таркибида бўлган. Собиқ Иттифоқ Марказий ижроия қўмитаси ва Халқ комиссарлари Кенгашининг 1934 йил 27 октябрдаги қарорига асосан Адлия халқ комиссарлигининг тизимида бўлган меҳнат–тузатиш муассасалари Ички ишлар халқ комиссарлигининг таркибига ўтказилган. 1934 йил 10 сентябрда Ўзбекистон Республикаси МИҚ ва ХКК томонидан Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлиги, Прокуратура ва Олий суднинг таркибини бир қадар ўзгартирган “Суд ва прокуратура идораларини қайта ташкил этиш ва мустаҳкамлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Бу пайтга келиб Адлия халқ комиссарлиги Прокуратура, Олий суд ва бўлимлардан иборат эди.

Собиқ Иттифоқ МИҚ ва ХКК томонидан 1936 йил 20 июлда қабул қилинган “ССРИ Адлия халқ комиссарлигини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарори марказлаштирилган суд ва прокуратура тизимини яратишда якунловчи ҳужжат бўлиб хизмат қилди.

1936 йилнинг 8 декабрь куни иттифоқ МИҚ ва ХКК томонидан Адлия халқ комиссарлиги тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд бошқаруви ваколатларидан озод қилинди ва республикадаги олий суд назорат инстанцияси бўлиб қолди. Барча прокурортура-тергов идоралари Адлия халқ комиссарлиги таркибидан чиқарилди. Собиқ Иттифоқ Адлия халқ комиссарлиги зиммасига суд идораларининг фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш юклатилди.

Ушбу Низомга асосан Ўзбекистон Адлия Халқ комиссарлигини икки ўринбосарга эга бўлган Халқ комиссари бошқарди. Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлигининг тизимида суд идоралари, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва суд ҳимояси бўлимлари, нотариат сектори, республика қонунларини мужассамлаштириш бўлими, ҳуқуқий маслаҳатхона ва ҳоказолар фаолият кўрсатди. Бундан ташқари республика Адлия халқ комиссарлиги суд ижрочилари фаолиятини бошқарди ҳамда назорат қилди, суд статистикасини ташкил этди ва олиб борди.

II Жаҳон уруши йилларида адлия идоралари тизимида жиддий ўзгаришлар бўлмади, аммо айрим бўлимлар фаолияти республика маъмурий-ҳудудий бўлинишидаги ўзгаришлар ва ҳарбий вақт хусусиятларидан келиб чиқиб такомиллашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг 1956 йил 7 августдаги «Меҳнаткашлар депутатлари вилоят Кенгашлари қошидаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бошқармаларини тугатиш ҳақида”ги Фармонига асосан республика Вазирлар Кенгаши ўзининг 1956 йил 6 ноябрдаги қарори билан республика Адлия вазирлиги тўғрисидаги янги Низомни тасдиқлади. Янги Низомга биноан Ўзбекистон Адлия вазирлиги бевосита республика Вазирлар Кенгашига бўйсунган. Вазирликда вазир, унинг ўринбосарлари ва бир нечта раҳбар ходимлардан иборат ҳайъат фаолият кўрсатган. Ҳайъат йиғилишларида суд ва адлия идораларининг ишини амалий бошқариш, ижрони текшириш, кадрларни танлаш, энг зарур буйруқ ва йўриқномаларни тайёрлаш каби масалалар ҳал қилинган.

1959 йил 23 мартда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати “вилоят ва халқ судлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш” мақсадида Адлия вазирлигини тугатди. Вилоят ва халқ судларининг ишини текшириш, уларнинг барча фаолияти устидан назорат қилиш ҳуқуқи ҳамда суд статистикасини олиб бориш мажбурияти Ўзбекистон Республикаси Олий судига юклатилди. Бундай қайта ташкил қилиш оқибатида юқори суд инстанциялари суд бошқарувини ҳам амалга оширди.

Республика Вазирлар Кенгашининг 1959 йил 27 мартдаги Қарори билан унинг ҳузурида Юридик комиссия ташкил қилиниб, бу комиссия зиммасига қонунларни мужассамлаштириш, ҳукумат топшириқларига кўра Вазирлар Кенгашига киритилган норматив хусусиятга эга қонун ҳужжатлари ва ҳукумат қарорлари лойиҳаларини дастлабки кўриб чиқиш юклатилган.

Аммо кейинчалик давлат қурилиши амалиётига бундай юзаки ёндашув хато эканлиги ва қонун ҳужжатларини тайёрлаш сифатига, малакали ҳуқуқшунос кадрларнинг салоҳиятига салбий таъсир кўрсатганлиги маълум бўлди. Шу сабабли ССРИ Олий Кенгашининг Раёсати 1970 йил 31 августда «ССРИ иттифоқ-республика Адлия вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонни қабул қилди. Унга асосланиб 1970 йил 1 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ҳам Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини ташкил қилди. Республика Вазирлар Кенгашининг 1972 йил 27 сентябрдаги Қарори билан Адлия вазирлигининг Низоми тасдиқланди.

Адлия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) судларига ташкилий раҳбарлик қилиш, қонунларни мужассамлаштириш, қонунлар юзасидан таклифларни тайёрлаш, халқ хўжалигида ҳуқуқий ишларга услубий раҳбарлик қилиш, давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ҳуқуқий билимларни тарғибот қилиш, аҳоли ўртасида қонунларни тушунтириш ишларини услубий бошқариш ва мувофиқлаштириш, нотариат, фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш , адвокатура идораларига ҳамда Тошкент суд экспертизаси илмий-текшириш институтига умумий раҳбарлик қилиш амалга оширилди.

70-80 йилларда адлия раҳбарий идораларининг таркиби ва ваколатларида жиддий ўзгаришлар рўй бермади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан судлар фаолиятини ташкилий таъминлаш амалга оширилди. Бу фаолият давомида суд идораларини ташкил этиш, адлия ва суд идоралари ходимларини танлаш, жой-жойига қўйиш ва тарбиялаш, судларнинг одил судловни амалга оширишларига етарли шароит яратиш, судьялар ва халқ маслаҳатчилари сайловчилар олдида ҳисобот беришларини ташкил этиш масалалари ҳал этилди, вилоят, туман, шаҳар судларида , адлия идоралари ва муассасаларида ишларни ташкил қилиниши текшириб борилди.

Бу даврда Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги идоралари бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари билан ҳамкорликда айрим тоифадаги жиноят ишлари бўйича суд амалиётини ўрганди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрди. Хусусан, мулкни талон-тарож қилиш, порахўрлик ва чайқовчилик, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти, мулкни рўйхатдан чиқариш ишлари юзасидан суд-прокурорлик амалиёти умумлаштирилди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг давлат ва жамоат мулкини талон-тарож қилиш, ҳисоботларга қўшиб ёзиш ва чайқовчиликка қарши кураш ишлари текширилди, давлат мулкини талон-тарож қилиш ишлари юзасидан моддий зарарни ундириш борасидаги маъмурий ва молия идоралари фаолиятининг аҳволи ўрганилди.

Адлия вазирлиги ҳайъати бир неча маротаба вазирликлар, идоралар, ташкилот ва муассасалардаги ҳуқуқий хизматнинг аёллар ва вояга етмаганларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш борасидаги ишларини муҳокама этди. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилишини олдини олиш ишларида ҳуқуқий воситалардан самарали фойдаланиш муаммолари вазирлик, республика адлия органларининг диққат марказида бўлди. Адлия органлари ходимлари аҳоли ўртасида қонунларни кенг тарғиб қилдилар.

Адлия ва суд идоралари фаолиятининг самарадорлигини ошириш уларнинг иш шароити ва моддий-техник таъминотига кўп жиҳатдан боғлиқ эди. Бу идоралар маҳаллий бюджетга катта даромад келтиришган, аммо уларни таъминотига маҳаллий идоралар маблағ бермаган, республика бюджетидан эса оз миқдорда пул маблағлари ажратилган. Кўп судлар, нотариал ва ФҲДЁ идоралари авария ҳолатидаги ёки фаолиятига мослаштирилмаган биноларда жойлашган. Қоғоз, ёзув машинкалари, оргтехника, мебел жиҳозларига етишмовчилик сезилган, ишловчилар сони эса меъёридан деярли икки маротаба кам бўлган.

1991 йилда Ўзбекистон халқи давлат мустақиллигига эришди. Унинг тарихий аҳамияти шундан иборатки, аввало инсон омилининг устуворлиги, давлат мустақиллиги тамойиллари тан олинди, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш каби мақсадлар қўйилди.

Ҳуқуқий давлат қуриш жараёнида республикамиз умумҳуқуқий идораси сифатида Адлия вазирлигининг мавқеи ошмоқда. Адлия идораларининг ўрни ва масъулиятини ошириш, қонун ижодкорлигини фаоллаштириш, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни яхшилаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 1992 йил 8 январда «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонни қабул қилди. Бу Фармон асосида 1992 йил 12 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш масалалари тўғрисида”ги 523-сонли қарор билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолияти тартибга солинди ҳамда Адлия вазирлигининг марказий аппарат таркиби ва янги Низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қонунчилик ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида 2003 йилнинг 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 370-сонли Қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги давлат бошқарув органи ҳисобланади, фаолияти хусусиятига кўра бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва ҳуқуқий ҳолати бўйича Вазирлар Маҳкамаси таркибига киради.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, нотариат ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) идоралари, Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази, Республика юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик институти, Тошкент юридик коллежи, ТДЮИ ҳузуридаги Академик лицей, «Адолат» нашриёти ҳамда Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази киради.

Вазирликни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган вазир бошқаради.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий ва энг муҳим вазифаси қонунчилик ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашдан иборатдир.

2011 йилда мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, бир сўз билан айтганда, барча соҳаларини изчил демократик янгилаш ва янада либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Президентимизнинг 2010 йил 12 ноябрдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш" концепцияси дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Мазкур Концепцияда қонунчилик талабларига риоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича адлия органларининг ролини янада кучайтиришга доир янги ҳуқуқий механизмларни ўрнатадиган ҳужжатларни амалга татбиқ этишга оид таклифлар билдирилган эди. Мазкур таклифлар адлия органлари фаолиятининг янги даврини бошлаб берди, дейишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан бу борадаги фаолият янада такомиллаштирилди. Мазкур Қарор билан тасдиқланган Низомда Адлия вазирлигининг жамият ва давлат бошқарувини такомиллаштиришдаги роли белгилаб берилган.